Иқтисодиёт | 13:07 / 28.07.2020
6361
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон 2020 йилнинг биринчи ярмида Афғонистон ва Ўзбекистонга 40 млн долларлик электр энергия сотди

Тожикистон 2020 йилнинг биринчи ярмида Афғонистон ва Ўзбекистонга жами 40 миллион долларлик электр энергия сотган.

Жорий йилнинг олти ойида Тожикистон ўтган йилнинг шу даврига нисбатан электр энергиясини 324,9 млн. кВт/соат камроқ экспорт қилган.

«Барқи Тожик» миллий электр компанияси раҳбари Мирзо Исмоилзода журналистлар билан учрашувда Тожикистоннинг электр энергиясини экспорт қилиш кўрсаткичининг камайишига «Норак» сув омборига келиб қуйиладиган сув оқими камайишини сабаб бўлганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил олти ой ичида Афғонистонга 546,6 миллион кВт/соат, Ўзбекистонга эса 358,3 миллион кВт/соат электр энергияси экспорт қилинган.

«Олдинроқ Афғонистонга ҳар куни 320 МВт электр энергияси экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 МВт.гача камайди. Ўзбекистонга ҳам электр энергияси экспорти камайган. Умуман олганда, жорий йилнинг олти ойи давомида электр энергияси экспорти ўтган йилга нисбатан 324,9 млн. кВт/соатга камайган. Бунга Норак сув омборига сув берадиган Вахш дарёсида сув оқимининг камайиши ва Афғонистонда тармоқларнинг қайта тақсимланиши билан боғлиқ ишлар сабаб бўлди», деган Мирзо Исмоилзода.

«Барқи точик» маълумотларига кўра, ҳисобот даврида электр энергиясини экспорт қилишдан тушган умумий миқдор 40 миллион долларни ташкил этган. 23 миллион АҚШ долларидан ортиқ электр энергияси Афғонистонга, 7,2 миллион доллардан ортиқ миқдордаги электр энергияси эса Ўзбекистонга экспорт қилинган.

«Сўнгги уч ой ичида Вахш дарёсида сув оқими деярли 30 фоизга пассайди. Бунинг оқибатида «Норак» сув омборига қўйиладиган сув миқдори ҳам камайди. Сўнгги икки кун ичида Вахшда сув сатҳи анча кўтарилди ва бу электр энергиясини экспорт қилиш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Умид қиламиз, кузда Норакдаги сув сатҳи энг юқори кўрсаткич – 910 метрга етади. Ана шунда биз тўлақонли ишлашга ўтамиз ва йўқотилган қувватларни ўрнини тиклаймиз», дейилади компания тарқатган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қисқа муддатга электр энергиясини узилиши юз бера бошлади. «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўрунов республика бўйича вақтинчалик электр таъминотидаги узилишларига қўшни Тожикистон энерготизимидан қабул қилинаётган электр энергияси импорти ҳажмининг кескин қисқариши ҳам сабаб бўлганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга Тожикистон энерготизимидан импорт миқдорининг кескин камайтирилиши «Норак» сув омборига сув келишининг прогноз кўрсаткичлардан камлиги ва сув сатҳининг пастлиги сабабли Тожикистоннинг «Барки Точик» компанияси ташаббуси билан амалга оширилган.

Мавзуга оид