Фото: «Беларусь 1» / youtube.com

29 июль куни кундузи Беларусь нашрлари, хусусан, расмий давлат агентлиги бўлмиш БЕЛТА Минск тумани ҳудудида хусусий ҳарбий компания жангчилари бўлган ўттиздан ортиқ киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Кейинроқ нашр гап россияликларнинг «Вагнер» ХҲК жангчилари ҳақида кетаётганини ва уларнинг мақсади сайловлар вақтида вазиятни беқарорлаштириш эканини маълум қилди. Президент Александр Лукашенко эса буни «фавқулодда ҳодиса» деб атади ва Хавфсизлик кенгашини чақирди.

«Тунда Беларусь ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Минск яқинида Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг 32 жангарисини қўлга олишди. Бундан ташқари, мамлакат жанубида яна бир киши аниқланди ва қўлга олинди», дея ёзади БЕЛТА. Бу янгилик президентлик сайловларига 10 кун қолганда пайдо бўлмоқда.

Хабарда Тергов қўмитаси томонидан текширув ўтказилаётгани айтилган. Қўлга олинганлар «Вагнер» аъзолари экани ҳақидаги маълумотга ҳозирча асос келтирилмади. Агентлик қўлга олинганлар рўйхатини келтирган, уларнинг барчаси Россия фуқаролари.

Кун охирида президент Лукашенко вазият бўйича изоҳ берди ва кучишлатар тизим вакилларига воқеа юзасидан тушунтириш олиш учун Россиядаги тегишли тузилмаларга мурожаат қилишни топшириғини берди. Бунгача Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Беларус хавфсизлик кенгаши котибияти ҳамда Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) матбуот хизмати ҳодиса юзасидан изоҳ бермаганди.

«Спиртли ичимликлар истеъмол қилишмаган, кўнгилочар масканларга боришмаган»

БЕЛТА агентлиги талқинига кўра, махсус хизматлар мамлакатга «сайлов кампанияси даврида вазиятни беқарорлаштириш учун 200дан ортиқ жангари» келгани ҳақида маълумот олишган.

«Россияликлар юк билан юрган - уларнинг ҳар бирида учтадан катта оғир чамадонлар бўлган. Пойтахтга 24 июлдан 25 июлга ўтар кечаси келган гуруҳ Минскдаги меҳмонхонага жойлашган, улар аввалига бир кунга жой олишган, аммо 27 июлгача меҳмонхонада қолишган ва шундан кейин Минск районидаги санаторийлардан бирига кўчиб ўтишган», дейилади янгиликларда.

«Улар россиялик туристларга хос бўлмаган хулқ-атвор намойиш қилган ва милитари услубида кийиниб юрган. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмаган, кўнгилочар масканларга бормаган, омма олдига беҳуда чиқишдан тийилган. Гумонланувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб ҳудудни ўрганган ва санаторий атрофини айланган. Бугун тунда Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитасининг «А» гуруҳи ва ИИВнинг махсус бўлинмаси ОМОН гуруҳи ҳамкорлигида 32 кишини қўлга олди», дейилади хабар матнида.