Ўзбекистон | 09:53 / 30.07.2020
1868
4 дақиқада ўқилади

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилади

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августда қабул қилинган “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги 678–I-сон Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

10-модда янги таҳрирда баён қилинади. Унда олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган) ва олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш кўзда тутилган.

Олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган), олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган),  шунингдек, вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтарилган маданий бойликлар бадиий экспертизадан ўтказилиши шарт.

Олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган) ва олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) маданий бойликлар бадиий экспертизадан ўтказилиб, белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

Вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтарилган маданий бойликлар  уларнинг таркиби, сони, сифат тавсифлари вақтинча олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (хулоса)га мос эканлигини аниқлаш мақсадида бадиий экспертизадан ўтказилади.

Олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган), олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган),  шунингдек, вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтарилган маданий бойликларга олиб кириш ёки вақтинча олиб кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (хулоса) расмийлаштирилмайди.

Олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган) ва олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) маданий бойликлар ваколатли санъатшунос – экспертлар,  санъатшунос – назоратчилар томонидан кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда, экспертизага юқори малакали мутахассислардан иборат бўлган қўшимча экспертлар жалб қилиниши мумкин.

Қўшимча жалб қилинган экспертларнинг хулосаси тавсиявий тусга эга бўлади ва маданий бойликларни олиб чиқиш (вақтинча олиб чиқиш) ҳуқуқини берувчи ҳужжат (хулоса)лар бериш бўйича узил-кесил қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.

Зарур ҳолларда, ашёлар экспертизаси улар турган жойда ўтказилиши мумкин.   

Бадиий экспертизадан ўтказиш муддати ўн кундан ошмаслиги керак ва у олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган) ҳамда олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) ашёлар сонига, уларнинг ҳолатига ва экспертизадан ўтказиш мураккаблиги даражасига боғлиқ бўлади.

10-1-модда билан тўлдирилади. У маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш (вақтинча олиб чиқиш) ҳуқуқини берувчи ҳужжат (хулоса) ҳақида.

Қайд этилишича, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши (вақтинча олиб чиқилиши) учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бериладиган ҳужжат (хулоса) асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан маданий бойликларнинг олиб чиқилиши (вақтинча олиб чиқилиши) мумкинлиги тўғрисидаги қарори қабул қилинган ҳолатда, маданий бойликларнинг эгасига ёки унинг ваколатли шахсига маданий бойликларни олиб чиқиш (вақтинча олиб чиқиш) ҳуқуқини берувчи белгиланган шаклдаги ҳужжат (хулоса) тақдим этилади.

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши (вақтинча олиб чиқилиши) ҳуқуқини берувчи ҳужжат (хулоса) намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид