Хитой ҳудудидан ташқарида илк марта COVID-19 юқтириш ҳолати 13 январь куни Таиланд қироллигида аниқланганда (уни уҳанлик турист олиб келган), аввалига таиландликларни фалокат кутаётгандек кўринган эди. Чунки мамлакатда ҳар йили ўн миллионлаб хорижлик туристлар ҳордиқ чиқаришади.

Лекин асл ҳолат таиландликлар қўрққанчалик бўлиб чиқмади. Шу кунгача 3298 юқтириш ҳолати, 58 та ўлим ва 30 июль куни 70 миллион аҳолига эга давлат 106-ўринда турибди — буни ҳисоблашлардаги барча хатоликлар ва тестдан ўтказишнинг нисбатан паст даражаси (685 минг)га қарамасдан муваффақият санаш мумкин.

Боз устига, йил бошида қиролликка одатдагидек минглаб хорижий туристлар дам олишга келишган эди. Ҳаттоки пандемия қаттиқ исканжага олган мамлакатлардан ҳам.

Дарвоқе, Таиланднинг ўзида маҳаллий аҳоли ичида «ички» зарарланиш деб аталаётган янги юқтириш ҳолатлари икки ойдирки, қайд этилмаяпти. Бармоқ билан санаш мумкин бўлган барча юқтирганлар чегара ортидан кириб келган.

Маданият ва генлар

Таидандда бунга қандай эришилди? Бу саволга биттада жавоб қайтариб бўлмайди. Мутахассислар таиландликларга ёрдам берган ўнлаб эҳтимолли сабабларни санашмоқда. Афтидан, барча сабаблар якуний натижага олиб келган.

Таиландликларга уларнинг маданиятида генетик даражада мавжуд бўлган ижтимоий масофалашув ёрдам берган бўлиши аниқ: қироллик аҳолиси учрашганда қўл бериш кўришмайди, кўчада умуман қучоқлашишмайди, кафтларини юзи олдига жамлаганча салом беришади.

Таиландда жуда эрта, биринчи зарарланиш ҳолатидан кейиноқ ҳимоя ниқобларни тақа бошлашгани ҳам ўз ролини ўйнагани кўриниб турибди. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам яхши йўлга қўйилганини ҳисобдан чиқармаслик керак. Кўп вақтини тоза ҳавода ўтказувчи таиландликларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Эҳтимол, коронавирус нимага «ёпишиб» олишни ҳам билмагандир — мамлакатда сурункали касалликлар даражаси ҳам паст.

Афтидан, таиландликларга коронавирусга муваффақиятли қарши туришда уларнинг иммун тизими хусусиятлари ҳам ёрдам берган кўринади.

Уларнинг Меконг дарёси оқимидаги қўшниларида ҳам шунга ўхшаш кўрсаткичлар. Мьянмада, масалан, 350 та ҳолат ва 6 та ўлим қайд этилган, Камбожада — 226, Лаосда — 20. Боз устига, Камбожа ва Лаосда Вьетнам каби коронавирусдан бирор киши ўлмаган.