БААнинг DP World компанияси Тошкент шаҳрида йирик логистика маркази қурилишига 288 млн доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги Украина транспорт стратегиялари маркази маълумотига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, лойиҳа қурилиш ишларини жорий йил октябр ойида бошлаш режалаштирилган. DP World вакиллари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни мажмуанинг тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этишга таклиф қилган.
Янги логистика маркази йилига 20 млн тоннагача юк ҳамда 150 мингта контейнерга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
Мажмуа таркибида темирйўл алоқасига эга қуруқ порт, божхона инфратузилмаси ва омборхона қувватлари ташкил этилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида умумий майдони 63 минг квадрат метр бўлган омборхона мажмуаси ҳамда темирйўл терминалини қуриш режалаштирилган.
DP World компаниясининг баҳолашича, янги марказ юк ташиш самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг транспорт боғлиқлигини яхшилаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон орқали ўтувчи юк оқимларига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириб, Марказий Осиёнинг логистика салоҳиятини ошириши кутилмоқда.





