Тўпланганлар Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилалар учун 30 июндан бошлаб берилаётган нақд пул шаклидаги маблағларнинг масъуллар томонидан тўғри тақсимланмагани давоси, шунингдек, маблағлар тақсимланишидаги айрим тушунмовчиликлар сабаб норозилик билдиришди.
Воқеа жойида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири хабар беришича, юзлаб кишилар масалага бевосита жавобгар ҳукумат вакиллари етиб келгунга қадар Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан назорат қилиб турилган.

«Эшитишимча, қийналган оилаларга ёрдам пули берилаётган экан. Бизга бу бўйича ҳеч ким ҳеч нарса демади. Шу сабаб президент халққа бераётган ёрдамини олишни учун ҳокимият биносига келдик. Биз ёрдам пули олишдан умидвормиз», – дейди Зилола исмли аёл.

Зилоланинг қўшимча қилишича, унинг турмуш ўртоғи йўқ, қўлида эса икки нафар фарзанди бор.
Ёрдам пули «темир дафтар»га кирганларга берилиши айтилган эди, сиз бу рўйхатга кирганмисиз, дея берилган саволга суҳбатдошимиз рўйхатда йўқлиги, маҳалла раиси эса унинг бу бўйича мурожаатларига эътибор қаратмаганини айтди.
Кўп ўтмай, аҳоли вакиллари йиғилган туман ҳокимлиги биноси ёнига ҳукумат вакиллари: Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа масъуллардан иборат катта гуруҳ етиб келди.

Улар аҳоли вакиллари билан бўлган дастлабки учрашувда тумандаги эҳтиёжманд оилалар учун берилган маблағлар қайта кўриб чиқилиши ва фуқароларнинг мурожаатлари бевосита барча маҳалла ҳудудларига бориб ўрганилишини билдирди.
Йиғилганлар эса муаммолари кўриб чиқилиши ва адолатли ҳал қилинишидан умид қилган ҳолда ўз уйларига қайтишди. Уларни ўз маҳаллаларига етказиш учун шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан автобуслар ташкил қилинди.












