Қурилиш соҳасида тез-тез хато-камчиликларга оид мурожаатларга дуч келамиз. Айнан янги қурилган намунавий уйлардаги камчиликлар ҳам бир неча бор ёритилган. Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги ҳолатнинг бошқалардан фарқи шуки, фуқаро камчиликлар бартараф этилмагунча уйни қабул қилмасликка аҳд қилган. Қурилиш корхонаси ҳам афтидан «ўжар» экан, фуқаро айтган камчиликлар бартараф этилмаган, ўша далолатномасиз ҳам ишни тўхтатган кўринади.

Туманнинг «Нурбулоқ» маҳалласида 2013 йил қурилган намунавий уй эгаси Абдумўмин Қобилов ана шу ҳақда 7 йилдан бери турли идораларга мурожаат қилади.

Унинг мурожаатига кўра, уй қурилгач, фойдаланишга топширилиш эълон қилинган вақтда келиб уйни кўриб камчиликларга гувоҳ бўлган ва эътирозларини билдирган. Хусусан, А.Қобилов уйнинг ички ва ташқи деворлари нотекис ва сифатсиз сувоқ қилингани, ҳовли деворларининг бир қисми сувоқ қилинмагани, поллар сифатсиз ўрнатилгани, лойиҳа-сметасида кўрсатилган ванна, газ плитаси, сув иситкич, унитаз ва люстралар ўрнатилмаганидан норози бўлган.

«Қатор идораларга мурожаат қилаверганимдан сўнг, 2016 йил туман ҳокимлигига мени ва қурилиш корхонаси — «Хавас ИУС» вакилларини чақиришди. Масала муҳокама этилди ва қурувчи камчиликларни бартараф этишни гарданига олди.

Аммо шундан кейин ҳам орадан тўрт йил ўтди. Бу орада ҳам қатор идораларга мурожаат қилдим. 2019 йилда муаммо юзасидан вилоят прокуратурасига қилган мурожаатим туман прокуратурасига юборилибди, туман прокуратураси эса мурожаат қонуний ҳал этиш ва натижаси ҳақда мурожаат эгасига маълум қилиш учун аризамни туман ҳокимлигига юборибди. Туман ҳокимлиги эса муаммони бартараф ҳам этмади, бартараф этмагач, табиийки менга жавоб хати ҳам юбормади.

Ҳақиқатан ҳам уй 7 йилдан буён фуқарога топширилмаганми? Масалага ойдинлик киритиш учун Нуробод туман ҳокимлигига вакилларидан изоҳ сўрадик. Ҳокимлик тақдим этган маълумотда фуқарога уйи топширилгани, 2015 йилда унинг уйга эгалик қилиш тўғрисида ҳоким қарори ҳам чиқарилгани маълум қилинган. Аммо қурувчи ёки буюртмачи (Самарқанд вилоят «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси) ва фуқаро ўртасида қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланганми йўқми? Ана шу саволга ҳокимликдан ҳам аниқ жавоб ололмадик.