Биз Чирчиқ шаҳрига бориб, шифокор билан учрашдик ва унинг сўзларига қулоқ тутдик. Қуйида бош врачнинг мурожаати билан танишасиз.

«Мен Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачиман. Шифохонамиз 1960 йилда ташкил топган. Бошида бу шифохона Чирчиқ шаҳрига қарашли бўлиб, 100 та койкага мўлжалланган бўлган. Сўнгра койкалар сони 80 тагача қисқартирилди, кейинроқ, 2000 йилда Чирчиқ шифохонаси вилоят шифохонасига ўтказилди. Бу ердаги реанимация ва қабул бўлимлари ҳам қисқариб кетди.

Президентнинг 2017 йил 6 сентябрдаги қарори билан мен Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи этиб тайинландим. Келганимда бу ерда на реанимация, на қабул бўлими, на ОИТВ бўлими бор эди - фақат ўткир ичак инфекциялари ва ҳаво-томчи инфекциялари бўлими фаолият кўрсатарди.  

Бу ерда иш бошлаган давримда президентнинг бир қатор қарорлари чиқди, улар асосида биринчи галда реанимация бўлими тузилмасини ташкил этдик. Чунки бу муҳим эди, оғир касалларни Тошкент вилояти бўйича олиб борадиган жой йўқ эди.

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига реанимация бўлимини қайта жиҳозлаш ва ускуналар билан таъминлашда молиявий ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилдик, лекин мурожаатларимиз жавобсиз қолиб кетди.

Президент қарорига кўра тузилмага ўзгартиришлар киритилди ва ОИТВ бўлимини очдик, чунки Тошкент вилоятида биттаям ОИТВ бўлими йўқ эди. Аввалига ОИТВ бўлимида 10 та, сўнгра 20 та койка очилди. Худди шунингдек, ОИТВ бўлимини қайта жиҳозлаш ҳамда зарур ускуналар учун маблағ сўраб хат ёздик.

15 март куни пандемия эълон қилингач, эртасига шифохонамизни карантин зонаси сифатида ёпиб қўйишди. Бизга шунчаки COVID-19 юқтирганликда гумон қилинганлар эмас, иситмаси кўтарилган ва COVID-19нинг дастлабки клиник симптомларига эга инсонларни ётқиза бошлашди.

Адашмасам, 2020 йилнинг 30 январида зарур шароитлар яратиш ва керакли ускуналарни етказиб бериш бўйича президент қарори чиққанди. Бироқ март ойида ҳам бизга ҳеч қандай ускуна етказиб берилмади.

Карантин зонасида ишлаб, анча билим-кўникмаларни ошириб олганимиздан сўнг иккинчи карантинда бизга нималар, қандай препаратлар кераклигини билардик. Зарур нарсаларни кўрсатиб хат ёзганимизда, икки кундан сўнг бизнинг беморлар ва тиббиёт ходимларимизни Ўртасарой карантин зонасига ўтказиш тўғрисида буйруқ келди.