«Hoshimov iqtisodiyoti» дастури доирасида Беҳзод Ҳошимов Сан-Францискодаги Калифорния университети профессори, вирусолог олим Шароф Тугизов билан «Covid-19’нинг келиб чиқиши, тарқалиши ва давоси» мавзусида суҳбат уюштирди.

- Вируслар ўзи нима? Уларнинг бактериялардан қандай фарқи бор?
- Вируслар ҳужайралар ичида яшайдиган паразитлар. Улар ҳужайрадан ташқарида яшай олмайди. Вирусларни жуда юқори ташкил қилинган организм деб айтиш мумкин. Уларнинг генетик информацияси бор. Генетик информацияси оқсилларга ўралган ҳолда жойлашган бўлади.
Коронавирус ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг ҳимоя қоплами бор. Генетик маълумот ўша липид қопламада туради. У ташқарида бўлган вақтида ҳеч қандай зиёни йўқ. Лекин ҳужайра ичига кирганидан кейин ўзининг программасини бошлайди. Ҳужайрадан юз фоиз фойдаланади. У жуда ақлли мавжудот. Ҳужайра ўзи оқсил ишлаб чиқаради. Вирусда бу нарса йўқ. Вирус ичкарига киргач, ҳужайранинг хусусиятларини ўзи учун ишлашга мажбурлайди.
- Ҳозирда Ўзбекистонда кўплаб мулоҳазалар бўляптики, коронавирусга чалинган беморларни антибиотиклар, яъни бактерияларни ўлдирадиган дорилар билан даволашмоқчи. Бу қанчалик нотўғри, балки тўғрими?
- Антибиотиклар вирусларга қарши ишламайди. Улар вирусни тўхтатмайди. Лекин бу вируснинг патологияси шундайки, бу вирус пневмонияга олиб келади. Пневмония бўлган вақтида кўпчилик ҳолатларда бактериялар ҳам қўшилади. Ўшани даволаш учун антибиотиклар ишлатилади.
- Covid-19’нинг ундан олдинги вируслар ёки коронавируслардан принципиал фарқи нимада?
- Коронавирусларнинг оиласи – катта оила. Буларнинг ёши 600-800 йил атрофида. Улар табиатда анча илгари пайдо бўлган. Уларнинг ҳамма ҳайвонларда вируслари бор. Одамларда ҳам бор. Коронавируслар фанда биринчи марта 1937 йилда товуқларнинг эмбрионида аниқланган. 1960 йилга келиб, коронавирус одамларда аниқлана бошланди. Тўртта штамми бор. Ҳозиргача ҳам ўша штаммлари мавжуд. Уларни нопандемик деймиз. Улар пандемия чақирмайди. Улар фақат томоқда, юқори нафас йўлларида патология чақиради. Лекин ўпкага тушмайди. Қиш фаслида мана шуларнинг ҳаммаси келади. Енгил ўтиб кетади.
SARS-CoV-1 2002 йилда биринчи марта Хитойнинг Гуандун провинциясида топилди. Ўша вақтда анча ишлар амалга оширилди. Аниқландики, бу кўршапалаклардан одамларга ўтган. Кўршапалакларнинг 1300дан ортиқ тури бор экан. Уларнинг ҳаммасининг ўз коронавируси бор. Ҳозирги натижаларга кўра, шундай бўляптики, бу аввал кўршапалакларга бир-биридан ўтган. Рекомбинация бўлган. Рекомбинация шундай нарсаки, иккита вирус битта ҳужайрага кирганида геномлари 25 фоизгача бир-бири билан алмашади. Шу вақтда вуруснинг геномида катта ўзгариш бўлади.
















