Ўзбекистон | 17:12 / 11.08.2020
2702
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ёшлари илк марта халқаро норма ижодкорлигида бевосита қатнашади» — Акмал Саидов Самарқанд форуми ҳақида

12−13 август кунлари видеоконференция шаклида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади. 11 август куни АОКАда ушбу форум олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фото : KUN.UZ

Анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Aкмал Саидов форум Ўзбекистонга қандай натижалар олиб келиши ҳақида сўз юритди.

«Самарқанд форумининг натижалари хусусида гапирадиган бўлсак, мен 5та натижани айтиб ўтаман:

Биринчиси – Ўзбекистон Республикаси президентининг ташаббусини рўёбга чиқаришдаги халқаро даражадаги муҳим бир қадам бўлади.

Иккинчиси – Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг натижаларини дунё ҳамжамиятига кўрсатади. Бизнинг миллий маърузачиларимиз Ўзбекистон тажрибасини кўрсатиб беришади.

Учинчиси – энг муҳими, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини маромига етказишдаги муҳим қадам бўлади. Нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки бутун дунё миқёсида муҳим қадам бўлади.

Тўртинчиси – ушбу форум Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини, обрўйини ва нуфузини оширишга ҳаракат қилади.

Бешинчиси – биринчи марта Ўзбекистон ёшлари халқаро норма ижодкорлигида бевосита иштирок этишади. Ёшларимиз миллий қонунларни муҳокама қилишда кўп қатнашишган, лекин халқаро миқёсда ушбу форум орқали илк бор қатнашишади», – деди Акмал Саидов.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Самарқанд форумининг бир неча муҳим вазифаларига тўхталди.

«Бир фактни тушуниб етишимиз керак: биз Марказий Осиё минтақасида энг кўп ёшларга эга мамлакат ҳисобланамиз. Мазкур форумнинг ўтказилиши иккита муҳим вазифани бажаради.

Бу – глобал тадқиқот. Чунки мана шу форумга тайёргарлик жараёнида ва форумнинг ўтказилишида ҳам кўплаб тадқиқотлар ўтказилмоқда. Сўровномалар орқали ёшлардан фикр олиняпти. Нафақат глобал ёшлар сиёсати, балки Ўзбекистондаги ёшлар сиёсати бўйича ҳам тадқиқотлар ўтказиляпти.

Иккинчиси – глобал фикр алмашиш. Форумда иштирок этадиган мингга яқин иштирокчилар билан Ўзбекистоннинг давлат сиёсати ҳақида фикр алмашиш имкониятига эга бўламиз. Бу эса Ёшлар агентлиги энди тузилган бир вақтда жудаям муҳим.

Форум орқали ёшлар сиёсатини янада ривожлантириш имкониятига эга бўламиз», – деди Бобур Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта муҳокама учун тақдим қилинади. Ушбу конвенция лойиҳаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

12-13 август кунлари бўлиб ўтадиган веб-форум YouTube орқали ҳам намойиш этилади.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид