Коронавирус пандемияси сабаб нафақат тиббиёт мутахассислари, балки бутун дунё аҳолиси «Кислород концентраторлари» ва сунъий нафас олиш аппаратлари деган ускуналар борлиги ҳақида билиб олди. Шундай бўлсада, кислородотерапия олдин ҳам саломатликни мустаҳкамлаш ва бошқа бир қатор касалликларни даволаш учун мунтазам қўллаб келинган.

Кислород ҳар қандай организмга нафас олиш учун ўта зарур модда, демак у ҳаёт учун жуда муҳим саналади. Ҳатто озгина кислород етишмаслиги – гипоксия, иммунититет пасайиши, моддалар алмашинуви бузилишига олиб келади, бош ва мушаклар оғришига, асабийлик ҳолатларига, ҳолсизликка, жисмоний ва ақлий фаолият пасайишига сабаб бўлади.

Нафас йўллари ва юрак-қон томирлари хасталиклари билан касалланган беморларга кислород концентратори деб аталадиган махсус аппаратлар зарур.

Кислород концентратори – атмосферадан кислород молекулаларини ажратиб олиб, концентрланган тоза кислород тарзида етказиб берувчи аппарат ҳисобланади.

Улар кислород терапияда қўлланади, беморга кислород очиқ ҳаводагидан кўпроқ концентрацияда берилади.

Бу ускуналарнинг муҳимлиги ва ҳаётий зарурлиги COVID-19 касаллиги асоратларини даволашда янада кўпроқ намоён бўлди. Кислород концентраторларини сотиб олиш ва ҳатто ишлаб чиқариш давлат дастурларига киритилди. Нафақат тиббиёт муассасалари, балки оддий фуқаролар ҳам фойдаланиш учун бу асбобни сотиб ола бошладилар. Интернет маконида кислород концентраторини жуда кўп реклама қилишмоқда, турли нархларда сотиб олиш учун таклифлар берилмоқда. Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган бу асбобнинг техник жиҳатлари ва имкониятларини аниқлашда ҳатто мутахассислар ҳам қийин аҳволда қолмоқдалар.

Кислород концентраторлари қандай ишлайди?
Кислород концентраторининг ишлаш принципи қуйидагича: у икки цилиндрдан иборат, хона ҳавоси ўша цилиндрлар ичидаги цеолит шарчалар – «молекуляр панжара» ичидан ўтади ва бу панжара азот молекулаларини тутиб қолиб, кислород молекулаларини ўтказади. Натижада кислород концентратори 95 фоизгача кислороддан иборат аралашма ишлаб чиқаради.

Энг оммабоп моделларда кислород билан таъминлаш тезлиги дақиқасига 3 литрдан 5 литргачани ташкил этади, 2000-йиллардан эса дақиқасига 10 литргача таъминлайдиган моделлар ишлаб чиқарила бошланди. XXI асрда кўплаб ишлаб чиқарувчилар ичхам, кўтариб юришга қулай концентраторлар ишлаб чиқаришга киришди. Уларнинг тезлиги одатда дақиқасига 2 литрни ташкил этади, аммо шунақа нусхалар ҳам борки, дақиқасига кислород билан 6 литргача таъминлай олади.

Кислород концентраторлари вазифасига қараб бир-биридан фарқ қилади. Мослама стационар ва портатив бўлади. Турли моделларни бир неча юз доллардан бир неча минг долларгача бўлган нархларда сотиб олиш мумкин.