Ўзбекистон | 08:35 / 17.08.2020
3475
4 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари тасдиқланади

Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ҳамда Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ҳамда Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида” қонунига мувофиқ электр энергияси истеъмолчилари электр қурилмаларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш, шунингдек уларни ишга яроқли ҳолатда сақлаб туриш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилиш, созлаш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи муҳандис-техник ходимлар (МТХ) учун мўлжалланган.

“Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари” (ТЭҚҚ) идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча истеъмолчилар учун мажбурийдир.

Истеъмолчиларнинг янгидан монтаж, реконструкция ва модернизация қилинган электр қурилмалари амалдаги Электр қурилмаларни тузилиши қоидаларига (ЭҚТҚ) мувофиқ бажарилган бўлиши, шунингдек мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.

Сертификатланмаган электр ускуналардан фойдаланиш ва уларни эксплуатация қилиш ман этилади.

Қоидалар истеъмолчиларнинг ишлаб турган, кучланиши 220 кВ.гача бўлган электр қурилмаларга татбиқ этилади. Қоидаларда “кучланиши 220 кВ.гача бўлган электр қурилмалар” ёки “кучланиши 1000 В.гача бўлган электр қурилмалар” дейилганда кучланиши тегишлича 220 кВ ва 1000 В бўлган электр қурилмаларни ҳам  тушуниш лозим.

Ишлаб турган электр қурилмалар деб, тўлиқ ёки қисман кучланиш остида бўлган ёки исталган вақтда коммутацион аппаратура уланиши билан ёки электромагнит индукция ҳисобига кучланиш берилиши мумкин бўлган қурилмалар ёки уларнинг участкалари тушунилади.

Электр хавфсизлиги шартлари бўйича электр қурилмалар кучланиши 1000 В.гача бўлган электр қурилмаларга ва кучланиши 1000 В.дан юқори бўлган электр қурилмаларга бўлинадилар.

Қоидаларда кўзда тутилмаган, алоҳида ишлаб чиқариш шартларига ёки махсус электр қурилмаларга эга бўлган истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш, соҳада ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган қоидалар бўйича амалга оширилиши мумкин.

Соҳа қоидалари, ушбу Қоидалар ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари (ХТҚ) талабларига қарши бўлмаслиги ва уларни заифлаштирмаслиги шарт.

Қоидалар истеъмолчиларнинг кучланиши 220 кВ.дан юқори бўлган электр станциялари, блок станциялари электр қурилмаларига ва бошқа электр қурилмаларга татбиқ этилмайди. Улар Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига (Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини ТЭҚҚ) мувофиқ эксплуатация қилинади.
  
Қоидаларнинг мақсади истеъмолчилар электр қурилмалари ва электр тармоқларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш ва уларни ишга яроқли ҳолатда сақлаб туришдан иборат.

Ишлаб турган электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш, уларда тезкор алмашлаб улашларни ўтказиш, таъмирлаш, монтаж ёки созлаш ишларини ва синашларни ташкил этиш ва амалга ошириш махсус тайёрланган электротехник ходимлар томонидан амалга оширилади. Корхонанинг мулкчилик шаклидан қатъий назар, унинг электротехник ходимлари энергетика хизмати таркибида бўлишлари шарт.

Корхонада энергетика хизмати бўлмаган тақдирда, истеъмолчиларнинг электр қурилмаларига хизмат кўрсатишни шартнома бўйича ихтисослаштирилган ташкилот ёки бошқа корхонанинг (шу жумладан, тадбиркорлар субъектларининг) электротехник ходимлари амалга ошириши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид