Ўзбекистон | 08:24 / 19.11.2020
4905
2 дақиқада ўқилади

Корхона ва ташкилотлардаги электр қурилмалари сертификатланган бўлиши лозим

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш ва электр қурилмалари хавфсизлик техникаси қоидалари тасдиқланди.

Ҳужжат президентнинг 19.05.2020 йилдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5997-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Norma’нинг ёзишича, қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш (ТЭҚ) қоидалари;

Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари.
 
ТЭҚ идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча юридик шахсларга, электр энергияси истеъмолчилари учун мажбурийдир. Қоидалар электр энергияси истеъмолчилари электр қурилмаларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш учун ишлаб чиқилган ҳамда электр қурилмаларни эксплуатация қилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи муҳандис-техник ходимлар учун мўлжалланган.
 
Истеъмолчиларнинг янгидан монтаж, реконструкция ва модернизация қилинган электр қурилмалари амалдаги Электр қурилмаларининг тузилиши қоидаларига мувофиқ бажарилган бўлиши, шунингдек мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт. Сертификатланмаган электр ускуналаридан фойдаланиш ва уларни эксплуатация қилиш ман этилади. Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларига махсус тайёргарликдан ўтган электротехниклар томонидан хизмат кўрсатилади.
 
Корхонада мулкчилик шаклидан қатъи назар, электротехник ходимлар хизмати ташкил этилади ёхуд электр қурилмаларига хизмат кўрсатишни шартнома бўйича ихтисослаштирилган ташкилот амалга ошириши лозим.
 
Корхона ёки ташкилот ходими электр қурилмаларидан фойдаланиш жараёнида ҳаёти учун хавф туғдирадиган ҳолат юзага келганда, шу жумладан механизмлар, ускуналар ва ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилганда бу ҳақда бевосита бошлиғига ёки корхона раҳбарига хабар бериши лозим.
 
Ҳужжат 11.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид