Қоидаларга кўра, электр қурилмаларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида” ва “Электр энергетикаси тўғрисида” қонунларига мувофиқ электр энергетикаси соҳаси корхоналарида ишлаб турган электр қурилмаларни эксплуатация қилаётган, уларда қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ишларини амалга ошираётган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек уларга ишлаб чиқаришдаги хавфли омиллар таъсирининг олдини олишга қаратилган.

Қоидаларнинг талаблари идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, электр энергетикаси соҳасидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналари (электр станциялар) ҳамда электр энергиясининг узатилишини ва тақсимланишини амалга оширувчи корхоналари, шунингдек ушбу корхоналарга тааллуқли ишларни бажарувчи илмий-тадқиқот, лойиҳа, қурилиш-монтаж, таъмирлаш ва созлаш ташкилотлари учун мажбурийдир.

Қоидаларга мувофиқ фойдаланиладиган ҳимоя воситалари давлат стандартлари, шунингдек Электр қурилмаларида фойдаланиладиган ҳимоя воситаларини қўллаш ва синаш қоидаларига мувофиқ бўлиши шарт.

Ишларни бажаришда қўлланиладиган механизмлар ва юк кўтариш машиналари, компрессор қурилмалари ва ҳаво йиғгичлар, асбоблар ва мосламалар синалган бўлиши шарт ва меҳнат хавфсизлиги стандартлари талабларига, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан саноат хавфсизлиги соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Асбоб ва мосламалар билан ишлаганда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек ишлаб чиқарган завод йўриқномаларига мувофиқ эксплуатация қилиниши шарт.

Ишлаб турган электр қурилмаларда қурилиш ва монтаж ишлари бажарилаётганда қурилиш меъёрлари ва қоидалари (ҚМҚ) талабларига риоя қилиниши шарт.

Ишчи ва хизматчилар учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларида мазкур Қоидалар талаблари инобатга олиниши шарт.

Ҳар бир ходим, агар у қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўра олмаса, зудлик билан юқори турган раҳбариятга барча аниқланган бузилишлар, шунингдек электр қурилмаларидаги инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи носозликлар, иш олиб бориш жараёнида ишлатиладиган машиналар, механизмлар, асбоблар, мосламалар ва ҳимоя воситаларидаги бузилишлар ҳақида хабар бериши шарт.

Қоидалар талабларига зид бўлган фармойиш ва топшириқларни бажариш ман қилинади.

Ишлаётган ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш тартиби Электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишларни ташкил қилиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши шарт.