Греция ва Туркия муносабатлари яхши бўлмаса-да, бу давлатлар Шимолий-Атлантик альянс таркибидаги иттифоқчилар ҳисобланади.
Туркия ва Греция қарама-қаршилиги шу ҳафтада Ўрта ер денгизи ҳудудида икки давлат ҳарбий кемалари тўқнашгач, янада кескинлашди. Греция бу ҳодисани тасодиф деб атамоқда, Туркия - эса олдиндан режалаштирган провокация сифатида баҳоламоқда.
Европа етакчилари томонларни вазиятни кескинлаштиришдан тийилишга чақирмоқда.
Греция Туркияга нисбатан санкция қўлланишини сўраган, ЕИнинг бошқа давлатлари музокараларни афзал кўрмоқда. Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилиш иштирокчилари август ойи охиридаги ЕИ саммитида Шарқий Ўрта ер денгизи масаласига қайтиш бўйича келишиб олишган.
Туркия ташқи ишлар вазири Швейцария баҳсни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди, бу Афинани ҳам, Анқарани ҳам қаноатлантиради.
Туркия ва Греция муносабатларидаги бу кескинлик Европанинг бошқа давлатларига ҳам таъсир қилади.
Туркия жума куни бир неча марта Францияни ҳарбий куч билан босим ўтказишга уринишда айблади.
«Франция зиддиятни кучайтириши мумкин бўлган қадамлардан тийилгани маъқул. Мускулларни кўрсатиш билан улар ҳеч нарсага эриша олишмайди. На Ливияда, на Сурияда, на Ироқда ва на Ўрта ер денгизида», деди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Швейцарияга ташрифи давомида.
Пайшанба куни Франция Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига қўшимча кучлар ташланиши ҳақида маълум қилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Европанинг эҳтимолий босими бўйича фикрларини билдириб, ўз мамлакати арзимас ҳужумга ҳам жавоб қайтаришини билдирган.
Бу ҳудудда можаро юзага келиши биринчи марта эмас. Аслида гап нимада?
Нима бўлди?
Ҳозирги қарама-қаршилик - Ўрта ер денгизидаги нефть ва газ кимга тегишлилиги бўйича баҳсларнинг давомидир. Туркия Греция ўзига тегишли деб ҳисоблайдиган шельф ҳудудида шу вақтгача ҳам бир неча марта разведка ишларини ўтказган.
Зиддиянинг навбатдаги босқичи ҳафта бошида бошланганди - душанба куни бешта ҳарбий кема ҳамроҳлигидаги «Ўруч Раис» геоқидирув кемаси баҳсли ҳудудга кирганди. Греция флоти зудлик билан ўз кемалари гуруҳини йўллади.


















