Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида халқаро қидирувда бўлган С.А. Туркия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди.

Расмий маълумотга кўра, у ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилиб, давлат бюджетига жами 5 млрд сўм зарар етказганликда гумон қилинмоқда.

С.А. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик гумони билан халқаро қидирувга берилган эди.

Туркияда қўлга олинган шахс Ўзбекистонга қайтарилиб, тергов ва бошқа процессуал ҳаракатларни давом эттириш учун ваколатли органларга топширилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларнинг жавобгарликдан қочиб юришига йўл қўймаслик бўйича ҳамкорлик давом этмоқда.

Гумонланувчининг айбдор ёки айбсизлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланади.