Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
- қонунийлик;
- ихтиёрийлик;
- оммавийлик ва очиқлик;
- тинч асосда ўтказилиши;
- томонларнинг ўзаро жавобгарлиги.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
уларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш;
шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи атайин ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш;
митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиладиган ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланиш;
ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига таҳдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар (шу жумладан, қўлбола), санчувчи ёки кесувчи предметлар ҳамда қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа буюмларни, тез аланга оладиган, ёнувчан, ўткир, кучли таъсир қилувчи, заҳарли моддалар, пиротехника буюмлари, радиоактив ва бошқа моддалар, буюмлар ҳамда маҳсулотларни ёнида олиб юриш ва ундан фойдаланиш;
алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш.
Агарда олдиндан митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, уларни ўтказишда иштирок этишга даъват этиш орқали тарғибот юритиш, шунингдек митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш мақсадида ушбу Қонун билан тартибга солинмайдиган оммавий ва бошқа тадбирлардан фойдаланиш тақиқланади.














