Ўзбекистон | 11:53 / 25.08.2020
22605
3 дақиқада ўқилади

Зоминда «Тез ёрдам» ходими калтакланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жиззах вилоятининг Зомин туманида калтакланган тиббиёт ходими шифохонада даволанаётгани ҳақида хабар берди.

Вазирлик матбуот хизмати чақириқ вақтида беморнинг яқинлари томонидан калтакланиб, Зомин туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч хирургия бўлимида даволанаётган тез тиббий ёрдам хизмати ходими ҳақида тарқалган хабарларни ўрганиш натижаларини маълум қилди.

Фото: Xabar.uz

Маълум бўлишича, 23 август куни соат 12:06да Жиззах вилоят «Саll-марказ»ига Зомин тумани «Оқтепа» МФЙ Ж.Сулайманов кўчасида яшовчи фуқаро А.Б.га яқинлари томонидан чақириқ бўлган. Соат 12:10да тез ёрдам бригадаси ушбу фуқаронинг яшаш хонадонига етиб борган.

Шифокор 1939 йил туғилган беморни текширувдан ўтказгач, беморнинг умумий аҳволи оғир бўлгани сабабли шифохонада стационар шароитда ётиб даволаниши учун олиб кетиш кераклигини айтади. 

Аммо дастлабки маълумотларга кўра, беморнинг яқинлари бунга рухсат беришмаган. Шундан сўнг тез ёрдам бригадаси томонидан зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, керакли маслаҳатлар берилган.

Шу куни соат 13:42да мазкур хонадондан яна қайта вилоят «Саll-маркази»га чақириқ бўлган. Туман тез ёрдам бригадаси соат 13:47да беморнинг яшаш хонадонига етиб борган вақтда беморда биологик ўлим юз бергани маълум бўлган. 

Тез ёрдам бўлими навбатчи фельдшери Э.И. ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш бераётган вақтида беморнинг яқинлари томонидан калтакланган. 

Фельдшер Э.И. зудлик билан туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига олиб келинган вақтда у карахт ҳолда кўнгли айниб, қайт қилиши кузатилган. Бемор тиббий текширувлардан ўтказилиб, шошилинч хирургия бўлимига ётқизилган. 

Унга ёпиқ бош мия чайқалиши, бўйин соҳаси юмшоқ тўқимларининг лат ейиши, тери ости гематомаси ташхиси қўйилган. Айни пайтда беморга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

«Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимга хабар берилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди. Унга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Фельдшерга етказилган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экпертизаси тайнланган. 

Текшириш олиб борилиши устидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

 

Мавзуга оид