Вазирлар Маҳкамасининг “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 447 143 гектар бўлган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар:

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғининг умумий майдони;

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкаларининг майдони;

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналари учун ажратиладиган ер майдонлари;

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ижро этувчи аппаратининг тузилмаси тасдиқланади.

Белгиланишича:

табиат боғининг хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади;

табиат боғи Давлат экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

табиат боғи фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети маблағлари, Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Давлат экология қўмитаси икки ой муддатда:

табиат боғининг низоми ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

табиат боғи штатлар жадвали тасдиқланишини ва малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминлайди.

Давлат экология қўмитаси раисига табиат боғи ижро этувчи аппарати ходимларининг чекланган умумий сони доирасида табиат боғи штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, рекреацион ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларидан олинган маблағлар ҳисобига қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилади.