Биз афв этилган ҳамюртларимиздан тўрт нафари билан суҳбатда бўлдик.

Сарвар Бобоназаров (45 ёшда. 2007 йилдан буён қамоқда бўлган):

– Мана шу уйдан чиқиб кетганимга 19 йил бўлди! 19 йилдирки, уйимизни фақат тушимда кўрардим. 26 ёшимга қадар Тошкентдан ташқарига чиқмаганман. Москвада, Истанбулда бўлдим. 2007 йилда кимларнингдир йўриғига юриб, Покистонга йўл олдим. Хаёлимда борадиган жойларимни турлича тасаввур қилардим. Аммо чегарадаёқ қўлга тушдим ва Покистон қамоқларида 11 ой ётдим.

Покистонда 2,5х1,5 метрли таги тош, девори бетон хона, овқатлари шу қадар аччиқки, еб бўлмайди. Қишнинг совуғи туфайли соғлигимни жуда тез йўқотдим. Соқчилар ниҳоятда шафқатсиз, қўлимдан осиб қўйишган, уч кунлаб ухлатмаган пайтлари бўлди. Инсон уйқусизлик азобини бошидан ўтказсагина биларкан.

2008 йил Ўзбекистонга экстрадиция қилиндим ва 9,5 йил Қаршидаги қамоқхонада бўлдим. Кейин манзил колонияга чиқарилдим. Ва ниҳоят, ёзган илтимосномаларим инобатга олинди ва давлатимиз раҳбари мени ҳам афв қилдилар.

Мана шу уйимни 19 йил деганда энди кўрдим. Оиламни йўқотдим, икки фарзандим ҳозир қаерда, билмайман. Бу орада аввал онам, кейин отам вафот этишди.

Қайтганимда шаҳримизни таний олмай қолдим. Мен 26 ёшимгача яшаган Тошкент бутунлай ўзгариб кетибди...

Турли йўллар бошида турган ёшларга менинг ҳаётим сабоқ бўлсин. Биз қилган хатоларни сиз қилманг. Менга ишонч билдириб, муддатидан олдин озод қилган президентимизга миннатдорлигимни билдираман.

Мурод Жалолов (31 ёшда, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган, 8 йилдан сўнг афвга кўра озод этилган):

– Шу хатони қилиб қамоққа равона бўлганимда севган қизим бор эди. У мени унутмади. Йиллар ўтаверди, ёшимиз ҳам кетаверди. Манзил колониясига чиққанимда совчи юбордим. Қуда томон ҳам рози бўлишди. Озод бўлмай туриб уйландим хуллас...

Қизим туғилганида ҳам колонияда эдим. Озодликка чиқишим олдидан карантин бўлиб, қизимни 5 ой кўрмадим. Кўз олдимдан ўтганини тасвирлаб бера олмайман.