Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасалари ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритиш лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳага кўра, маҳкумлар ва уларнинг яқинлари рухсат этилган маҳсулотларни жазони ижро этиш муассасаси ичидаги инфокиосклар ёки муассасадан ташқаридаги электрон платформалар — сайт ва мобил иловалар орқали онлайн харид қилиши мумкин бўлади. Анъанавий посилка ва йўқлов шакли ҳам сақлаб қолинади.

Белгиланган миқдордан ортиқ, аммо тақиқланмаган нарса ва буюмлар муассаса омборхонасида сақланади. Зарур ҳолларда улар маҳкумнинг аризаси асосида берилади. Маҳсулотларнинг рухсат этилган турлари ҳамда қадоқлаш талабларига риоя этилиши жазони ижро этиш муассасаси томонидан назорат қилинади.

Яна бир муҳим ўзгариш манзил-колонияларда жазо ўтаётган маҳкумларга тааллуқли. Лойиҳага кўра, уларнинг маҳсулот сотиб олиши ва ёнида сақлаши учун белгиланган вазн ва миқдор бўйича ойлик лимитлар татбиқ этилмайди.

Ҳужжат билан маҳкумлар сотиб олиши ва ёнида сақлаши тақиқланмаган маҳсулотлар ҳамда буюмларнинг янги рўйхати ҳам таклиф қилинмоқда. У 24 та йўналишдаги маҳсулот ва буюмларни қамраб олади.

Хусусан, рўйхатдан нон ва ун маҳсулотлари, тузланган ва дудланган балиқ, сут ва пишлоқ маҳсулотлари, қуруқ қандолат маҳсулотлари, чой ва қаҳва, сабзавот ва мевалар, консервалар, зиравор ва соуслар, тез тайёрланадиган маҳсулотлар, ичимлик ва шарбатлар ҳамда колбаса маҳсулотлари ўрин олган.

Бундан ташқари, канцелярия ва хўжалик моллари, шахсий гигиена воситалари, маиший кимё ва тозалаш воситалари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, пойабзал каби буюмларни ҳам сотиб олиш ва сақлаш назарда тутилган.

Рўйхатга рухсат этилган бадиий, публицистик, илмий-оммабоп ва диний адабиётлар, дарсликлар, газета-журналлар, жойнамоз ва тасбеҳ ҳам киритилган. Шунингдек, маҳкумларга бир комплектдан шахмат, шашка, домино ва нарда сақлашга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларидан келиб чиқиб, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда манзил-колонияларда айрим рухсат этилган маҳсулотларга мавсумий чекловлар ўрнатилиши ҳам қайд этилган.

Ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади. Шу сабабли ундаги тартиб ва рўйхатлар якуний қабул қилиниши жараёнида ўзгариши мумкин.