Ўзбекистон | 10:48 / 01.09.2020
18231
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклайди

Kun.uz жамоаси халқимизни энг азиз байрам – Мустақиллик куни билан қутлайди.

Бугун Ватанимиз озодликка эришганига, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритганига 29 йил тўлди.

Ҳар қандай миллат ва халқ учун энг муқаддас қадрият, бу шубҳасиз, ҳурриятдир. Эркинликнинг қанчалар олий неъмат эканини ҳис этиш учун бир он хаёлан бўлса-да эрксизликни, қарамликни, мутеликни туйиб кўриш кифоя...

Минг шукрки, бундан 29 йил олдин халқимиз узоқ йиллар орзиқиб кутган мустақиллигини, суверенитетини тантанавор эълон қилиб, ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди.

Ватанимиз ўтган йиллар давомида мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаб борди, замонавий армия ва хавфсизлик тузилмалари шакллантирилди, халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўла олди.

Энг муҳим ўзгариш эса халқимиз онгида рўй берди: йиллар давомида сингдирилган мустабид тузумнинг сохта ғояларига бўлган ишонч емирилди, халқимиз дунёқарашида мустақиллик туйғуси, эрк ҳисси чуқур илдиз отди, бутун бошли янги авлод – истиқлол фарзандлари етишиб чиқди.

Kun.uz таҳририяти бугунги энг улуғ байрам билан энг аввало истиқлолни олий қадрият деб билувчи, халқимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни самимий муборакбод этади.

Илоҳим, тинчлик-омонлик, файз-у барака Ўзбекистонимизни ҳеч ҳам тарк этмасин!

Эришаётган ютуқларимиз бардавом, турмушимиз фаровон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Мавзуга оид