Қадимий Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган бу жойларнинг Бўронтепа деб аталишига сабаб — қадимдан бу ерларда қум бўронлари бўлиб туради. Биз борганимизда ҳам осмонга ўрлаган 3-4та чанг-тўзон уюрига кўзимиз тушди.

Шу ердан қарасангиз, ҳозир вайронага айланган қадимий Варахша тепалиги ҳам кўриниб туради.

Чўл барханлари ўртасида экотуризм қоидаларига мос тарзда барпо этилган масканга етиб бориб, автотураргоҳда машинангизни қолдириб, мажмуагача қарийб 2 км йўлни электрокарларда босиб ўтасиз.

Яқинлашган сарингиз ўзига ром этувчи, ўзига хос услубда, қадимий Бухоронинг тарихий даврларига монанд қурилган мўъжаз маскан сизни ҳайратлантирмасдан қолмайди.

Масалан, Варахша террасаси 2 минг йил олдинги тарихдан сўзлайди. Ундаги безакларда ва деворларга туширилган нақшлар ва суратларда ҳам ўша қадимий даврлар мужассам.

Мажмуани айланар экансиз, ўрта асрларга хос тарих ҳам кўз ўнгизда гавдаланади. Араб фатҳи дейсизми, сомонийлар даври, мўғуллар босқини, шайбонийлар дейсизми — ҳар бир даврдан сўзловчи ниманидир топасиз.

Боз устига, мажмуада хизмат қилаётган йигитлар ҳам қадимий сарбозлар кўринишида сизни қарши олишади.

Карвонсарой мажмуаси, қадимий ўтовлар замонавий меҳмонхоналар кўринишида намоён бўлади. Мажмуада сардоба (сув тўпланадиган жой) ҳам қурилган. Унинг ҳам Бухоро ва Буюк ипак йўли тарихида ўз муносиб ўрни бор.