1299 йилда Усмон Ғозий томонидан асос солинган Усмонийлар (Усмонлилар, Оттоманлар, порта) империяси давомийлиги жиҳатдан рекордчилардан ҳисобланади ва орадан 7 асрдан кўпроқ вақт ўтиб, 1922 йилга келибгина ўз поёнига етган. Барча империялар каби Усмонийлар ҳам туғилиш, ўсиш, барқ уриб ривожланиш ва чўкиш даврини бошдан кечирган.

Барқ уриб ривожланишнинг бошланиши, ёки кескин бурилиш нуқтаси дея 1453 йилда Консантинополнинг фатҳ этилиши ва Истанбул дея қайта номланиши бўлса, империянинг ҳар жиҳатдан чўққига чиққан даври Султон Сулаймон ёки Сулаймон I, Сулаймон Қонуний бошқарувидаги 46 йиллик (1520—1566) даврга тўғри келади.  

Консантинополнинг фатҳ этилиши нафақат империя тарихида, балки жаҳон тарихида муҳим воқеалардан саналади ва ҳануз бу воқеа ҳамда унинг оқибатлари атрофидаги баҳсу мунозаралар тинмайди. Бу борада биргина Аё Софиё мажмуасининг мачитга айлантирилиши ортидаги муҳокамаларни эслаш кифоя.

Империянинг гуллаган даври ёки муҳташам асри дея таърифланувчи Сулаймон Қонуний ҳукмронлигида кўплаб муҳим воқеалар бўлиб ўтган. Аммо “Муҳташам юз йил” сериалининг ақл бовар қилмас муваффақияти ортидан бу даврдаги сиёсий жараёнлар, ҳарбий юришлар, хариталардаги ўзгаришлар ва турли-туман ислоҳотлар қолиб, сулола ҳаёти ҳарам ичидаги можароларга ўралашиб қолгандек тасаввур ўйғонган.

Бу борада Туркия президенти (2016 йилда бош вазир бўлган) Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам жиддий эътироз билдирган. “Буюк бобокалонимиз Сулаймон Султон тахтдаги умрининг 30 йилдан ортиғини эгарда ўтказган ва қатор давлатларни фатҳ этган. Бу сериал ижодкорлари эса уни ҳарамда аёллар ва маишатга ўралашиб қолган султон сифатида тасвирлашибди. Бу эса буюк тарихимизга нисбатан ҳурматсизликдир ва мазкур сериал намойиши тўхтатилиши лозим”, – деган у ўз чиқишларидан бирида.

Сериал албатта тўхтатилмади, аксинча, Эрдўғаннинг бу сўзлари унга бўлган қизиқишни янада ошириб юборди. Дунёнинг 60 давлати телеканалларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам бу киноасар намойиш қилинди. Шунга қарамай Туркиянинг телевидиние ва радио бўйича юқори кенгашига сериални тақиқлаш бўйича 70 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Чиндан ҳам, қатор тарихий манбалар ва нуфузли инсонлар бу сериалда султоннинг бутунлай бошқа қиёфада тасвирлангани, хусусан Хуррам султон таъсирига ҳаддан зиёд тушиб қолганини қоралаганлар.