Душанба куни ғойиб бўлиб қолган Мария Колесникова айни вақтда Минскдаги СИЗО-1 изоляторида экани маълум бўлди. Унинг ҳибсга олинишига прокуратура санкция берган.

Знак чоршанба куни тонгда йўқолиб қолди. Кейинроқ у, Колесникова ҳамда мухолифатчиларнинг яна бир ҳуқуқшуноси Илья Салей ҳокимиятни эгаллашга уриниш айблови билан қўлга олинган.

Беларусь прокуратураси мухолифатчиларнинг Мувофиқлаштирувчи кенгашига қарши шундай иш очган бўлиб, бу иш бўйича президиум аъзолари сўроқ қилинганди, аммо аввалгилар фақат гувоҳ сифатида терговга чақирилганди.

Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришга оид далиллар борлигини маълум қилган.

Айни вақтда Мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумининг очиқда бўлган ва Беларусда қолаётган ягона аъзоси ёзувчи Светлана Алексиевич бўлиб турибди. Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби бўлган ёзувчининг халқ орасида обрўси баланд, у мухолифатчиларнинг маънавий йўлбошчиси саналади, аммо у намойишларни мувофиқлаштириш ҳамда сиёсий фаолият билан шуғулланмаган.

Колесникова душанба куни ғойиб бўлганди, чоршанба куни у қамоқхонада экани маълум бўлди

Қолганлар эса қўлга олинган ёки собиқ маданият вазири Павел Латушко каби мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган .

Чоршанба куни яна нималар бўлди?
Чоршанба тонгида Алексиевич номаълум шахслар эшигини тақиллатишгани, мобил телефонига номаълум рақамлардан қўнғироқлар бўлганидан шикоят қилди.

«Сиз нега жимсиз?», дея рус зиёлиларига юзланди Алексиевич.

Шу куни ёзувчининг уйида у ҳибсга олинмаслиги учун европалик дипломатлар йиғилишди. Швеция ташқи ишлар вазири твиттердаги саҳифасида швед элчиси, германиялик, литвалик, польшалик, словакиялик ва чехиялик элчилар даврасида турган ёзувчи суратини эълон қилди.