Спорт | 16:10 / 12.09.2020
24207
2 дақиқада ўқилади

Эронда қотилликда айбланган 27 ёшли курашчи қатл этилди

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукуматини Навид Афқарийга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилишга чақирганди.

Фото: kreab

Эронда соқчини ўлдириш ва норозилик намойишларида иштирок этишда айбланган 27 ёшли эронлик курашчи Навид Афқарийга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилди. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар берди.

Агентликнинг маълумот беришича, Афқарий шанба куни эрталаб қатл қилинган.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукуматини Навид Афқарийга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилишга чақирганди. Трамп курашчи Эрондаги “иқтисодий вазият ёмонлашаётгани”га қарши норозиликларда иштирок этганини таъкидлаганди.

Навид билан бирга унинг икки акаси ҳам ҳибсга олинган. Суд уларнинг барчасини ҳукуматга қарши гуруҳ шакллантириш, полициячини ўлдириш ва 2018 йил ёзида ўтган тартибсизликларда фаол иштирок этишда айбдор деб топган. Ўшанда мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашганига қарши ўтган оммавий норозиликлар қаттиққўллик билан бостирилган эди.

15 августда Эрон олий суди Навидга аввалроқ чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирган. Маълумотларга кўра, Афқарийга бу жазо ҳукми 2018 йил сентбярда Шероз шаҳрида полициячининг ўлдирилиши иши бўйича чиқарилган.

Мавзуга оид