1 ноябрь куни анъанавий Samarkand Half Marathon хайрия мусобақаси бошланади. Мусобақада иштирок этиш учун www.samarkandhalfmarathon.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

Марафон ташкилотчилари бу  йил асосий эътиборини аутизм спектрининг бузилиши (АСД) билан касалланган инсонларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданият ва санъат объектларига кириш муаммосига қаратишмоқда. Тадбир доирасида аутизмга чалинган инсонлар учун инклюзив муҳитни яратиш ва уларнинг ижтимоий-маданий ва жамоат ҳаётига қўшилиш имкониятлари муҳокама қилинади. Samarkand Half Marathon яриммарафонидан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини яратишга сарфланиши режалаштирилган.

Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда 2020 йилда ўтказилаётган Samarkand Half Marathon дастурининг спорт қисми икки хил шаклда – Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун офлайн виртуал мусобақа ташкил этилиши кўзда тутилган. Яриммарафоннинг ушбу офлайн шакли ҳар бир иштирокчисига югуриш учун жой танлаш эркинлигини беради, шунингдек, мусобақа натижалари тўғрисидаги барча маълумотлар “Strava” иловаси ёрдамида қайд этиб борилади.

Шунингдек, дастурга скандинавча юриш мусобақаси ҳамда 12 ёшгача бўлган болажонлар учун алоҳида болалар пойгаси жадвали ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, яриммарафон доирасида ўқув ва маданий дастурлар рақамли форматда ўтказилади. “National Autistic Society” (Буюк Британия) вакиллари аутизмга касаллигига чалинган болаларнинг ота-оналари учун онлайн веб-семинарлар ўтказилади ва Британия музейи мутахассислари ташаббуси билан ташкил этилган “Early Morning Explorers” лойиҳаси ҳақида батафсил ахборот берилади. "Дўстона муҳит" (Россия) лойиҳаси кўмагида бир қатор онлайн мунозаралар, веб-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. “The Beat Film Festival” кинофестивали билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган филмлар дастури веб-сайтимизда намойиш этилади.

Азиз Абдуҳакимов, Бош вазир ўринбосари, “Samarkand Half Marathon” яриммарафонининг ташкилий қўмитаси раиси:

– Ушбу марафон мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Гарчи бу йил аниқ сабабларга кўра, кўплаб иштирокчиларимиз Самарқандга келиб, жисмонан иштирок этиш имконига эга бўлмасалар-да, дунёнинг турли бурчакларидаги инсонлар хайрия акциямизга қўшилишлари мумкин.