«Асосий вазифа — саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришиш учун давлат идоралари, нодавлат тузилмалар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириш муҳимдир», дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистонда онкологик касалликларга қарши курашиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилаётгани қайд этилган. Жумладан, президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури тасдиқланган, онкологик хизматни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад — онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини ошириш.
Бу каби эзгу ишларга «Ezgu amal» фонди ҳам ҳисса қўшиб келмоқда. Биргина 2020 йилда фонд ёрдам сўраб қилинган 10 мингдан зиёд мурожаатни қабул қилди ва кўриб чиқди. 102 оила ҳомийлардан моддий ёрдам, 2100 оила тўғридан тўғри моддий ёрдам, 3 мингдан ортиқ оила COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин даврида озиқ-овқат тўпламлари ва тиббиёт буюмлари кўринишида ёрдам олди. Бундан ташқари, 228 кишига дори препаратлари, тиббий хизматларга ва авиачипталарга тўлов кўринишида кўмак кўрсатилди. Кам таъминланган оилаларнинг 3 мингдан зиёд болалари фонд ёрдамида ҳомийлардан совғалар олди. Умуман, ўтган йил давомида 28та хайрия акцияси ўтказилиб, 8 428 оила қўллаб-қувватланган.
«Афсуски, онкологик ва гемотологик (қон) касалликларига чалинган аҳолига кўмак кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш дастурининг барча бандлари амалга оширилмаган, онкологик хизмат кўрсатишда бир қатор муаммолар ҳамон мавжуд. Биз саратонни енгиб ўтган инсонлар ҳақида ҳикоя қилиб, касалликни ўз вақтида скрининг қилиш ва эрта ташхис қўйиш заруратини долзарб муаммо сифатида кўтариб чиқамиз. Бу ёмон оқибатларнинг олдини олиши ва даволаш самарасини бериши мумкин. Шу сабабли, кенг жамоатчилик фойдаланиши учун замонавий диагностика ускуналарига ва скрининг қилишнинг ягона тизимини яратишга эҳтиёж бор. Бундан ташқари, хайрия марафони давомида касалликни енгиб чиққан инсонлар ҳикоялари саратон билан курашаётган оилалар учун ғалаба сари мотивация беради, деб умид қиламиз», дейди «Ezgu amal» фондининг васийлик кенгаши раиси Мунира Ходжахонова.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда мамлакатимизда 884 нафар болада хавфли ўсма касаллиги, 402 нафар болада гемотологик касалликлар бирламчи қайд этилган. 4 505 нафар бола саратон, 2 396 нафар бола қон касалликлари бўйича диспансер ҳисобида туради. Онкологик касалликлар структурасида болалар онкологияси 3,7 фоизни, лейкозлар 19,1 фоизни, бош мия ва орқа мия ўсмалари 17,5 фоизни, буйрак ўсмалари 7,6 фоизни, суяк, бўғим хавфли ўсмалари 5,6 фоизни ташкил этади.
















