Шу кунларда «Халқ сўзи» газетасининг онлайн нашрида ҳам «Бор ҳолатни яширишдан ким манфаатдор — Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганларнинг аниқ сони қанча?» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Қашқадарё вилояти мисолида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят миқёсида эълон қилинаётган фактлар бир-бирига мос келмаётгани билдирилиб, расмий статистика шубҳа остига олинган эди.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан бевосита суҳбат уюштирдик.
– Фурқат ака, тан олиш керак, расмий статистикага кўпчилик шубҳа билан қараяпти. Бу борадаги фикрларни ўзингиз, қолаверса раҳбарият билан кузатиб боряпсизларми?
– Албатта, фаолиятимиз давомида аҳоли орасида, хусусан виртуал оламда кечаётган муҳокамаларни кузатиш муҳим ўрин тутади. Бугун айрим ижтимоий тармоқларда коронавирусдан даволанаётганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги бериб бораётган расмий статистикадан кўра кўпроқ экани ҳақида айтилмоқда.
Бир нарсани бошиданоқ айтишни истардим – ССВ рақамларни яширишдан умуман манфаатдор эмас. Қолаверса, шахсан давлат раҳбарининг ўзи бу борада аниқ маълумот бериш зарурлигини алоҳида эслатиб қўйган. Биз ҳам давлат раҳбарини, ҳам халқни алдаб нима қилдик?
Энди бевосита шубҳалар туғилиши сабабларини яна бир бор эслатиб ўтсам.
Энг аввало, шуни билишимиз керак, коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади.
Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, касаллик гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди. Аммо юқумли касалликларга ихтисослашган ва юртимизнинг қатор ҳудудларида ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида бундай беморлар ҳам стационар шароитда даволанишлари учун зарур шароитлар муҳайё қилинган. Ҳозирда улар шундай масканларда даволанишмоқда.
– Лекин рақамлар барибир ўз сўзини айтяпти, айнан ўша марказлардаги беморлар сони анча юқорилиги кўз юмиб бўлмайдиган факт.
– Тўппа-тўғри. Биз ҳам бу фактдан кўз юмиш истагида ҳам эмасмиз. Юқорида айтганимдай ҳудудлардаги саралаш ва тақсимлаш марказларида даволанаётган беморлар сони ўша жойдаги коронавирусдан касалланганларнинг расмий сонидан ортиқ экани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.


















