Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжонов Kun.uz билан суҳбатда ташқи қарз тушунчаси, ундаги қоидалар ва хатарлар, шунингдек, ташқи қарзни бошқариш масалаларига тўхталиб ўтди.

—​ Ташқи қарз нима ва уни қандай тушуниш керак?

—​ Сўнгги йилларда юз бераётган очиқлик сиёсати туфайли мамлакатимиз ташқи қарзи ҳақида бугун жуда кўп маълумотлар эълон қилинмоқда ва бу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ташқи қарз – бирор-бир мамлакат бошқа мамлакатдан ёки бошқа мамлакатдаги компаниялардан, банклардан, хусусий ташкилотлардан оладиган қарз ҳисобланади. Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Кўпинча бу иккисининг фарқини тушунмасдан умумий қарз ҳақида гап кетади. Бу нарса бир тарафдан тўғри. Аммо бошқа тарафдан унчалик тўғри эмас. Чунки Ўзбекистоннинг бир компанияси хусусий йўл билан, қайсидир соҳа бўйича, четдан қарз олган бўлса, қарз масъулияти ўша компаниянинг зиммасида бўлади. 

Одил Олимжонов

Ҳукумат кафолати остида ёки давлат олган қарзлар эса давлатнинг ташқи қарзлари ҳисобланади. Булар қўшилиб, яъни давлат қарзи билан хусусий капитал қарзи қўшилиб, умумий ташқи қарз тушунчасини ҳосил қилади.

Умумий ташқи қарз ҳар хил талқин қилиниши мумкин. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи қарзи миқдори ўсаётгани хавотирга соляпти, рақамлар ўзгариб боряпти. Ўтган йили 17-19 миллиард доллар бўлган бўлса, шу йил 25 миллиард доллардан ўтди. Бу умумий қарзимиз. Шундан 17 миллиард 300 миллиони давлат қарзи. Қолгани хусусий капитал қарзи. Аслида, ана шу 17 миллиард 300 миллион ҳақида кўпроқ гаплашишимиз керак. Чунки бу давлатимиз олган ёки кафолат берган қарз. Шу иккаласидан давлат қарзи пайдо бўлади. Бунга давлатимиз, албатта, жавоб беради.

—​ Нима учун Ўзбекистоннинг табиий бойликлари бўла туриб, қарз олиши керак?

—​ Ҳар сафар қарз олиш пайтида Молия вазирлиги узоқ ҳисоб-китоблар қилиб, масалани тарозининг икки палласига солиб кўради. Биз ҳозир бутун дунё ҳаёти ўзгариб кетган мураккаб даврда яшаяпмиз. Дунёда пандемия юз беради-ю, кўплаб мамлакатлар иқтисодиётини тиз чўктириб қўяди, деб ҳеч ким ўйлаган эмасди.