Жаҳон | 10:36 / 17.09.2020
12924
2 дақиқада ўқилади

346 кишининг ўлимига олиб келган Boeing 737 MAX ҳалокатлари бўйича якуний ҳисобот эълон қилинди

Фото: REUTERS/Karen Ducey

АҚШ конгрессининг транспорт ва инфратузилма бўйича қўмитаси Boeing 737 MAX самолётлари иштирокидаги иккита авиаҳалокат юзасидан 18 ой давом этган тергов бўйича 238 саҳифалик ҳисоботни тақдим этди. Унда самолёт дизайни, лойиҳаланиши ва сертификатлаштирилишида йўл қўйилган “жиддий хатолар” баён этилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, 346 кишининг ўлимига олиб келган иккита авиаҳалокат “Boeing муҳандислари йўл қўйган бир қатор хатоликлар, компания раҳбарияти томонидан етарлича очиқ-ойдинлик бўлмагани ва АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FAA) томонидан йўл қўйилган қўпол қоидабузарликларнинг даҳшатли оқибати” бўлган. 

Ҳисоботда маълум қилинишича, Boeing компанияси 737 MAX самолётидан фойдаланиш вақтида юзага келадиган муаммолардан хабардор бўлган, бироқ буни мижозлардан яширган. Бундан ташқари, лайнернинг лойиҳаланиши жадал суръатлар билан олиб борилган, унинг фойдаланишга киритилиши ортидан назорат тегишлича даражада бўлмаган. Назорат жараёнларининг барчасида FAA вакиллари билан бирга Boeing ходимлари ҳам иштирок этган. Корпорация FAA’га босим ўтказган.

Бунинг оқибатида бозорга тизимларидан бири нотўғри ишловчи ва самолётни шўнғишга мажбур қилувчи самолёт чиққан. Учувчилар эса бундай авариявий ҳолатга тайёр бўлишмаган. Қўмита компанияни маълумотларни яширишда, FAA’ни эса ўз мажбуриятларини тегишлича бажармасликда айблаган.  

Boeing 737 MAX сериясидаги самолётлардан 2017 йил октябридан фойдалана бошланган. 2018 йил октябридаёқ ушбу моделдаги самолёт билан биринчи авиаҳалокат юз берган – Индонезиянинг Lion Air авиакомпанияси самолёти ҳавога кўтарилгандан кўп ўтмай ерга қулаган. Бу авиаҳалокатда 189 киши ҳаётдан кўз юмган. Ушбу ҳодисадан кўп ўтмай, 2019 йил март ойида Эфиопияда яна битта 737 MAX самолёти ҳалокатга учраган. Унда 157 киши ҳалок бўлган. Шундан кейин Boeing 737 MAX самолётлари парвозлари бутун дунёда тўхтатилган. 2020 йил январида эса ушбу моделдаги самолётлар ишлаб чиқарилиши номаълум муддатга музлатиб қўйилган.

Мавзуга оид