Ўзбекистон | 15:57 / 19.09.2020
4963
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг 5та шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари рус тили ва касбга ўқитилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «РУДН» ва World Skills Russia ўртасида меморандум имзоланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети («РУДН») ҳамда World Skills Russia (Россиянинг ёш мутахассислари) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама Меморандум имзоланди.

Ушбу келишув Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитишни кўзда тутади.

Унда фуқаролар қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик соҳаларида 25 та касб бўйича ўқитилади.

Ўзбекистонликларнинг рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида «РУДН»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилган. Унда Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги Ўзбекистон фуқароларига патент олиш учун талаб этиладиган рус тили бўйича имтиҳон топширишга тайёргарлик кўриш, тайёрланиш мобайнида бепул маслаҳатларни олиш имконияти тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид