Қўмита махсус комиссияси шу йил 19 август куни «Ўзавтомоторс» АЖ фаолиятига оид қарор қабул қилганди. Айни пайтда унинг ижроси мажбурий бўлиб, иккинчи томон қарордан норози бўлган тақдирда, судга шикоят киритиш ҳуқуқига эга. «Ўзавтомоторс» эса ушбу ҳуқуқдан фойдаланиб, судга шикоят аризасини киритган. 

«Ўзавтомоторс» қонун бузганми?

Ушбу компания ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг позициясига кўра, қонунан монопол бўлган «Ўзавтомоторс» нархларни шакллантириш жараёнида қонун ва тегишли қонун бандларига амал қилиши лозим, компания ўз-ўзидан нархни белгилаши ноқонуний ҳисобланади. Монопол ташкилот хўжалик субъектлари томонидан нархни белгилаш тартиби бузилганда, ваколатли давлат органи буни текширишга ҳақли. Махсус комиссия қарори эса ана шундай текширувлардан биридан сўнг қабул қилинган.

2 октябрь куни бошланган ушбу маъмурий иш судья Ғ.Давлатов раислигида, Тошкент шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Бабаян ҳамда томонларнинг иштирокида кўрилмоқда.

Очиқни судни «ёпмоқчи» бўлган даъвогарнинг илтимосномаси

Дастлаб, суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Шунингдек, аризачи - «Ўзавтомоторс» вакили томонидан судга суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома киритди.

«Маъмурий ишларни юритиш тўғрисидаги кодекснинг 13-моддасига («суд муҳокамасининг ошкоралиги») биноан, мазкур ишни ёпиқ суд тартибида кўриб чиқишингизни сўраймиз», деди аризачи.

«Ўзавтомоторс» позициясига кўра, махсус комиссия қарори асоссиз чиқарилганини исботлаб бериш учун турли даражадаги махфий ҳужжатлардан маълумот келтириш керак, шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш учун чиқарилган ҳужжатлар муҳокама этилиши шарт. Бундан ташқари, масала марказида автомобиль нархи ва компаниянинг тижорий ишлари турар экан, буларнинг барчаси тижорат сири ҳисобланади. Шу каби важлар билан судда жамоатчилик иштирок этиши, унда аудио-видео фиксация ишлатилишини тақиқлаш сўралди.