Ўзбекистон | 16:16 / 06.10.2020
5248
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси «Олтин дафтар»ига киритилган ватандошлар сони юздан ошди

Маълум қилинишича, улар томонидан Ўзбекистонга киритилиши кутилаётган инвестициялар ҳажми қарийб 14 млн долларни ташкил этади.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси вакиллари чет элда меҳнат қилаётган ватандошларнинг имкониятларидан фойдаланиш ташаббуси доирасида Кодже шаҳрига сафар қилди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Кодже шаҳрида жойлашган «Samsung» ва «Daewoo» компанияларининг кемасозлик заводларида 500га яқин ўзбекистонлик мутахассис ишлайди. Шаҳардаги касб-ҳунар коллежида эса 40га яқин ватандош таҳсил олмоқда.

Элчихона вакиллари Ўзбекистонда бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, бу билан янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ниятида бўлган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашган.

Тадбирда Ўзбекистон президенти 17 августда ўтказган йиғилиш, унда чет элда ишлаётган юртдошлар учун муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш, Ўзбекистонга келиб бизнес бошлашни режалаштирганлар учун имтиёзлар бериш масалалари кўриб чиқилгани ҳақида маълумот берилган.

«Учрашувда 8 нафар ватандошимиз Ўзбекистонда ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 600 минг доллар миқдорида сармоя киритиш бўйича таклиф билдирди.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси «Олтин дафтари»га киритилган ватандошлар сафи 100 кишидан ошди. Улар томонидан жалб қилинадиган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 14 миллион долларни ташкил этмоқда», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид