Ўзбекистон | 11:14 / 15.01.2021
11346
3 дақиқада ўқилади

«Олтин дафтар»га кирган ватандошлар». Ташқи ишлар вазирлиги янги сиёсатни тушунтирди

2021 йил давомида «Олтин дафтар»га кирган хориждаги ватандошлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ишлари олиб борилади.

Фото: Ашраф Хўжаев

Ташқи ишлар вазирлиги департамент директори Ашраф Хўжаев 14 январ куни АОКАда ўтказилган брифингда 2021 йилдаги бажариладиган режалар қаторида «Олтин дафтар»га кирган чет элдаги ўзбекистонликларни инвестицияга жалб қилиш масаласида гапирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. 

Маълум қилинишича, хориждаги ватандошлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш мамлакат инвестиция салоҳиятини ўстиришда муҳим аҳамиятга эга.

«Ҳозирги кунда 500 нафарга яқин ватандошимиз «Олтин дафтар»га киритилган. Улар, асосан, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия, Скандинавия давлатлари, БАА ва Туркия давлатларида истиқомат қилувчи юртдошларимиз ҳисобланади. Албатта, бу рўйхат кенгайтириб борилади.

Бизнинг мақсадимиз уларнинг потенциалидан мамлакатга фақатгина инвестиция олиб киришда фойдаланиш эмас, балки тажрибаларини ўрганишни ҳам йўлга қўямиз. Улар билан мутахассисларимиз иштирокида ўқув семинарлар ташкил этамиз. Шу орқали тажрибамизни оширамиз. Банк, АТ ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро тажриба алмашамиз», – деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Олтин дафтар» атамаси жорий этилиши, унга мамлакат тараққиётига хизмат қила оладиган, хорижда ишлаб ёки ўқиётган салоҳиятли ватандошларимизни киритиш хабари берилганди.

«Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, Туркияда ҳам, Хитойда ҳам, Ҳиндистонда, Европа давлатлари, масалан, Италия ва Ирландияда ҳам шундай тажриба бўлган – ўз вақтида хорижда шаклланган диаспораларнинг салоҳияти мамлакат тараққиётига жалб қилинган.

Хитой мисолида олсак – уларнинг диаспорасини хуацяо дейишади – 90-йилларда хориждан Хитойга кириб келган инвестицияларнинг салкам 90 фоизи бевосита хорижда яшаётган хитойликлар билан боғлиқ бўлган», – деганди у.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси «Олтин дафтар»ига киритилган ватандошлар сони 100 кишидан ошгани, улар томонидан мамлакатимизга киритилиши кутилаётган инвестициялар ҳажми 14 миллион долларни ташкил этиши айтилган.

Мавзуга оид