Жорий йилнинг 8 октябрь куни Kun.uz сайтида эълон қилинган “Божхоначиларга суд қарорлари мажбурий эмасми? Тадбиркор 1 йилдан бери сарсон” номли материал юзасидан Давлат божхона қўмитаси муносабат билдирди.

“Фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар номига 2019 йилнинг 30 сентябрь куни четдан олиб кирилган юк машинаси шатаги ва ярим тиркамага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5388-сон Фармонида назарда тутилган божхона имтиёзлари (мазкур имтиёзлар 2019 йил 1 октябргача амал қилиши белгиланган) қўлланилмагани сабабли судга даъво аризаси киритилган.

Хўш, мазкур транспорт воситаларига нисбатан божхона имтиёзлари нима учун қўлланилмаган?

Мақолада келтирилганидек, фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар номига келтирилган юк машинаси шатаги ва ярим тиркама 2019 йил 30 сентябрь куни тунги соат 22:14да Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “С.Наджимов” чегара-божхона пости орқали кириб келган ва соат 23:39да транспорт воситаси бўйича дастлабки божхона декларацияси электрон шаклда тўлдирилиб, божхона органларига тақдим этилган ва автоматик равишда рўйхатга олинган.

Мазкур транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилиши белгиланган Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Водий” ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона пости ходимлари эса 2019 йил 2 октябрь куни мазкур дастлабки божхона декларацияларини бекор қилиш бўйича далолатнома тузишади.

Далолатномани тузишга сабаб бўлган энг муҳим омиллардан бири –қонун ҳужжатларига мувофиқ дастлабки божхона декларацияси товарлар божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар тақдим қилиниши лозим эди. Юк эгалари эса транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига кириб келиб бўлганидан сўнг дастлабки божхона декларациясини тақдим қилишган.

Табиийки, қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда юборилган ва мазкур ҳолатда ушбу дастлабки божхона декларациясини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги сабабли декларация расмийлаштирилмайди ва бекор қилинади.

Изоҳ: Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 262-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 30 январда 2418-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги Низомда келтириб ўтилган.