Президентнинг “Ўрмон хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фанни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Ўрмон хўжалиги ва ландшафт дизайн факультети негизида университет таркибидаги Ўрмон хўжалиги институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ўрмон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, ўрмон селекцияси ва уруғчилиги, кўчатчилигини ривожлантириш, кўпайтириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, фойдаланиш борасида илмий-тадқиқот ва тажриба-синовлари ўтказиш ҳамда олий малакали кадрлар тайёрлаш ишларини амалга ошириш;

илғор хорижий тажрибалар асосида Институт таркибидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўқув режаларини таълимнинг кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтказиш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;

талабаларнинг ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўтишда инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги интерфаол услубларни, шу жумладан, талабаларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

ривожланган хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида давлат хусусий шериклик шартлари асосида “Кичик инновацион корхона”лар ташкил этиш;

ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ва кластерлари мутахассислари учун семинар-тренинглар ҳамда ахборот-маслаҳат хизматларини ташкил этиш, бакалавр, магистр, таянч докторантлар ва докторантларнинг амалиёти ҳамда илмий-тадқиқотлар ишларини мувофиқлаштириш;

давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган лойиҳалар ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари танловида иштирок этиш, соҳага доир долзарб мавзулар юзасидан илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;