Ўзбекистон | 10:37 / 16.10.2020
7591
4 дақиқада ўқилади

Экспертлар Тошкентдаги Салор канали суви ифлосланиб бораётганидан огоҳлантирди

Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи Салор канали суви ифлосланиб бормоқда. «Ўзгидромет» экспертлари бу ҳақда огоҳлантириш билан чиқди.

Республикада табиий юза сувлар ифлосланиши ҳолати кузатувлари «Ўзгидромет»нинг Ифлосланиш мониторинги хизмати томонидан амалга оширилади. Шаҳар ичидан оқиб ўтадиган юза сувларнинг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун шаҳардан юқори ва қуйи жойларда кузатув пунктлари ўрнатилган. Кузатувларга кўра, Тошкент вилоятининг энг ифлосланган каналларидан бири Салордир.

Салор канали 1902 йилда қурилган, у Қибрай туманида бошланади ва Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳудуди орқали оқиб ўтади. 

«Сувнинг ҳарорати сув ўтларнинг ўсиши, ортиқча биомассанинг тўпланиши, микроорганизмларнинг кўпайиши, лойқа билан тўлиб қолишига олиб келмоқда. Бу жараёнлар уй жой-маиший сектордан ифлосланиш туфайли кучаймоқда ва ўз навбатида, сувда эриган кислороднинг камайишига олиб келмоқда», - дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, Салор каналининг юқори створидаги сув хира, кул ранг-яшил рангда, тупроғи лой-қумли, балчиқли. Гидробиологик ва гидрокимёвий кўрсаткичларга кўра, сувнинг сифати III синф (ўртача ифлосланган сувлар)га мос келади, экологик ҳолати қониқарли. 

«Салор каналининг қуйи створларида сув Тошкент ва Янгийўл шаҳарларининг органик саноат ва хўжалик-маиший оқимлари билан ифлосланган. Сувнинг ранги қора, муаллақ балчиқ зарралари ёки бактериал шиллиқ туфайли хира, ўзига хос ҳидли, тупроғида қалин лойқа қатламлар мавжуд. Ушбу участкада сувнинг биологик тур таркиби кескин қашшоқлашиб, дастлабки дарё биоценозларининг деградацияси рўй бермоқда, ўртача ифлосланган сувлар учун хос бўлган турлар йўқолиб, органик моддалар билан ифлосланган сувларда яшайдиган ва сувда эриган кислород етишмовчилигига бардош берадиган организмлар ривожланмоқда», - дейди «Ўзгидромет» экспертлари.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳридан юқорида жойлашган створ III — ўртача ифлосланган сувлар синфига мансуб бўлса, Янгийўл шаҳридан юқорида жойлашган створ 2015, 2018 ва 2019 йилларда III, 2016 ва 2017 йилларда II — тоза сувлар синфига мансуб бўлган.

Салор каналининг Тошкент ва Янгийўл шаҳарларидан қуйи қисми гидробиологик кўрсаткичлар бўйича IV — ифлосланган сувлардан V — ифлосланган сувларгача ўзгариб туради. Экологик ҳолати — қониқарсиз ва ёмон. Гидрокимёвий кўрсаткичлар бўйича 2020 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, каналнинг Тошкент ва Янгийўл шаҳарларидан қуйидаги қисмидаги сувлари V ифлос сувлар тоифасига мансуб, бу ерда фенол, нефть маҳсулотлари, аммонийли ва нитритли азот, шунингдек мис бирикмалари бўйича рухсат этилган концентрацияларнинг ошиб кетгани кузатилмоқда.

2015 йилдан 2018 йилгача даврда каналнинг Тошкентдан қуйи қисмида сувлар ифлосланган, 2019 йилда ифлос сувлар синфига киритилган, Янгийўлдан қуйи қисмида эса 2015 йилдан 2019 йилгача ифлос сувлар синфига киритилган.

«Салор каналининг суви, албатта, хўжалик-маиший мақсадлар ёки чўмилиш учун ярамайди. Канал сувидан дарахтлар ва гулларни суғориш учун фойдаланиш мумкин. Бироқ, сабзавотлар ёки қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда бу сувдан фойдаланиш мумкинлиги даргумон. Салор каналида экологик вазиятни барқарорлаштириш учун вақти-вақти билан санитария тадбирларини ўтказиш, яъни канални «ювиш» учун етарли бўлган сув миқдорини бериш керак.

Салор пойтахт инфратузилмасининг муҳим қисми ҳисобланади. У Тошкентда Ҳайвонот боғи, Ботаника боғи, Экопарк, Мирзо Улуғбек номидаги парк ва бошқа ерлардан оқиб ўтади. Охирги вақтда каналга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, лекин бунинг ўзи етарли эмас», - дейди экспертлар.