9-10 октябрь кунлари Тошкентда, собиқ ТАПОиЧ заводи ҳудудида AKFA компаниялар гуруҳининг янги йўналиши – AKFA Build'нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тадбир юқори технологияли ва арзон нархлардаги яхлит қурилиш ечимларини тақдим этишга қаратилган эди. Тадбирда қурилиш соҳаси мутахассислари, хорижий ҳамкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тақдимот давомида AKFA компаниялар гуруҳи бош директорининг ўринбосари Камран Ғуломов компания тарихи, йўналишни ривожлантириш мақсадлари ва режалари тўғрисида сўз юритди ва металл конструкциялар, модулли уйлар, кўп қаватли автоматик автотураргоҳлар каби янги маҳсулотлар, шунингдек, агросаноат соҳаларига оид ечимларни эълон қилди.
Модулли уйлар нима?

Модулли уйлар – бу фабрикада ишлаб чиқариладиган ва тугалланган шаклда йиғиш жойига етказиб бериладиган алоҳида бўлимлардан иборат йиғма иншоотлар. Аслида, модулли уйни йиғиш жараёни конструкторни йиғишга ўхшайди. Модулли уйларнинг асосини юпқа деворли енгил пўлат конструкцияси (ЛСТК) ташкил этади.

Тузилишнинг енгиллиги туфайли қиммат оғир пойдевор талаб қилинмайди, қурилиш қиймати ғиштли уйларга нисбатан 40 фоизга камаяди. Бундан ташқари, агар зарурият туғилса, модулли уйларни осонгина ўзгартириш ва яшаш майдонини кенгайтириш мумкин.
Автотураргоҳ етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш

Тақдимотда таъкидланишича, мамлакатда автоуловлар сонининг кўпайиши муносабати билан тўхташ жойи масаласи долзарб бўлиб турибди. AKFA Build кўп қаватли автоматлаштирилган пазл (puzzle) типидаги автотураргоҳларини қуриш орқали ушбу муаммони ҳал қилишнинг идеал ечимини таклиф этади. AKFA Build томонидан ишлаб чиқарилган автоматлаштирилган автотураргоҳлар мегаполисларда айни дамда долзарб бўлиб турган автомобилларга мўлжалланган тўхташ жойларини тежашга имкон беради. Ноёб технология туфайли сиз тўхташ жойини 4 баробар тежашингиз мумкин.
Тақдимотнинг иккинчи қисмида тадбир меҳмонларига: газбетон, ПИР ва базальт ватаси билан тўлдирилган сэндвич панеллар ҳамда ёнмайдиган композит панеллар каби маҳсулотлар тақдим этилди.



















