Ўзбекистон | 18:24 / 22.10.2020
9924
3 дақиқада ўқилади

Умумтаълим фанлари бўйича сертификатлар бериш ваколати нодавлат ташкилотларга ўтказилади

Ўзбекистонда 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар бўйича миллий тест тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими» мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Халқ таълими вазирлиги Таълим сифати мониторинги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшода Норбоева умумтаълим фанлари бўйича сертификатлар кейинчалик нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам берилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида аниқ қилиб белгиланган, яъни умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест синовларини ташкил этиш Давлат тест маркази билан бир қаторда қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилган таълим сифатини баҳолаш нодавлат ташкилоти томонидан ҳам ўтказилиши мумкин. Бу борада Халқ таълими вазирлиги томонидан Таълим сифатини баҳолаш марказини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Чунки қарорда айнан ХТВ Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши кўрсатиб ўтилган. Биз бугунги кунда таклифни тайёрлаяпмиз, у нодавлат ташкилот сифатида ташкил этилади ва унга ушбу тест синовларини ўтказиш ваколати берилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Дилшода Норбоева

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази директори ўринбосари Ҳикматилла Даминов қандай ҳолларда нодавлат ташкилотларига бундай ҳуқуқ берилиши ва унинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.

«Ҳозир ушбу қарорда сертификатлар Давлат тест маркази томонидан берилиши кўзда тутилган. Келажакда бу ваколатни нодавлат таълим муассасалари ёки ташкилотларига ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган. Айни пайтда бу жараёнлар қандай бўлиши, қайси бир ташкилотга берилиши мумкинлиги бўйича келгусида тартиблар ишлаб чиқилади. Яъни ваколатни ҳамма НТМларга беришда адолат ва шаффофликни таъминлаш жуда муҳим ҳисобланади.

Халқаро тажрибадан маълумки, тест синовларини инсон омили иштирокисиз ўтказиш энг мақбул йўл саналади. Келгусида бу борада ҳам тегишли ишлар амалга оширилади ва қонунчиликда тартиблар белгиланади.

Шунингдек, бу тест синовларини тегишли давлат органлари томонидан тасдиқланган мезонлар ва ўқув дастурлари бўйича, мактаб битирувчисига қўйилган талаблар таълим стандарти асосида тузилишига алоҳида талаблар қўйилади. Яна бир қайтараман, бунда тестларни инсон омилисиз ташкил этиш энг муҳим мезонлардан бири бўлиши мумкин», деди Ҳикматилла Даминов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид