Украина қуруқлик қўшинлари Учинчи армия корпуси қўмондонлиги украин ҳарбийлари Донецк областининг шимолий қисмида қарши ҳужум амалиёти ўтказаётганини эълон қилди. Бу ҳақда корпус қўмондони, бригада генерали Андрей Билецкий махсус видеомурожаатида эълон қилди. Бунгача Z-блогерлар ҳам Украина қуролли кучлари Лиман шаҳри атрофида юриш қилаётгани ҳақида хабарлар (1, 2, 3) берганди.
Украина қуролли кучлари операцияга «Вивалди» номини берган. Билецкийнинг маълум қилишича, ушбу юриш доирасида Учинчи корпус Лиман йўналишидаги бир нечта аҳоли пунктларини – Новоселовка, Александровка, Яровая, Корове Яр атрофларини «инфилтрациядан тозалаган», шунингдек, Среднее озод қилинган. Умуман олганда, Украина қуролли кучлари 75 километр квадрат майдонни тозалаган ва яна 10 километр квадрат ҳудудни Россия қўшинларидан озод қилган, шунингдек, «Россия Федерациясининг 20 ва 25-армияларининг жанговар қобилиятига қақшатқич зарба берган». Бу маълумотни бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Билецкий операциянинг ушбу босқичида Россия қўшинлари бир ярим мингга яқин аскар (ярадорлар билан қўшиб ҳисобланган бўлиши мумкин), 12 мингдан ортиқ дрон, юзлаб зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари ва автомобил техникаларини йўқотганини айтган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Украина дронлари душманнинг логистика йўлларини кесиб қўйган.
«Очиқ манбаларда ҳозирда ҳужум ҳаракатларимизнинг пировард мақсади – Черний Жеребец дарёси қирғоқларига чиқиш экани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Лекин бизнинг операциямиз „Вивалди“ деб номланган. Вивалдида эса, маълумки, тўрт мавсум бор. Ва бу – ҳали биринчи мавсум», – деган Учинчи корпус қўмондони.
Билецкий «ахборий сукунат режими»га риоя этишга чақириб, расмий манбаларда амалиёт бўйича ҳисобот бериб борилишини ваъда қилган. Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги қарши ҳужум амалиёти бир неча ойдан буён давом этмоқда, аммо бунгача бу ҳақда расман маълум қилинмаганди. Ушбу амалиётнинг якуний мақсади ҳам номаълум.
Лиман – РФ томонидан ишғол этилган Донецк шаҳридан тахминан юз километр шимолдаги стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар ҳисобланади. Россия қўшини 2022 йил майида ушбу шаҳарни эгаллаб олганди, аммо Украина қуролли кучлари ўша йил октябридаёқ шаҳар устидан назоратни қайтариб олган. 2026 йил ёзи бошида РФ қўшинлари Лиманни яна штурм билан эгаллашга ҳаракат қилди, аммо буни уддалай олмади.


















