Ўзи нима бўлди?
Давлат тест маркази 9 июн куни кимё, 10 июн куни биологиядан миллий тест тизими учун имтиҳонлар ўтказган.
11 июн куни аноним тарзда юритилувчи Tentakminds канали имтиҳонларда тушган кимё ва биология саволлари республиканинг турли ўқув марказлари томонидан 500-1000 доллар атрофидаги нархга сотилаётгани ҳақида ёзди. Кўп ўтмай, каналда тарқатилган саволлар намуналари пайдо бўлди.
Журналист Хуршид Далиев ўз каналида бухоролик репетиторнинг мурожаатини жойлади. Ўқитувчи саволлар тестдан бир кун олдин ёдлатилганидан шикоят қилган.
«Ўқувчиларнинг шашти ўлиб бўлиш арафасида. Ҳар бир сотиб олинган сертификат 98,5 фоиз олган абитуриент грант ёки контрактни нақд қилиб қўйди. Болалар бўлса бизнинг ўрнимизни олиб қўйди, деб шашти ўляпти», – дея репетитор «ДТМга ишонч қолмагани»ни қўшимча қилган.
Миллий тест тизими нима?
Миллий тест тизими – умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳон. Уни топшириш пулли – 367 500 сўм. Асосан абитуриентлар учун ишлаб чиқилган.
Имтиҳондан ўта олганларга сертификат берилади. Сертификатда талабгор имтиҳондаги максимал натижанинг неча фоизини тўплагани кўрсатилади. Ва абитуриентга ОТМга кириш имтиҳонида ўша фандан сертификатда кўрсатилган фоизга мос равишда балл берилади, яъни улар ОТМга киришда ўша фандан тест ишлаши шарт эмас.
Сертификат 3 йил амал қилади. Уни олиш учун энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаш керак. Ҳозирча она тили, қорақалпоқ тили, рус тили, математика, кимё ва биологиядан имтиҳонлар бошланган.
ДТМ биология тестлари «ёдлаб чиқилгани»ни иддао қилди. Бунга ишониш қийин








