Путиннинг яна бир генерали ўлдирилди

Россия Қуролли кучларининг Жанубий қўшинлар гуруҳи 4-мотоўқчи бригадаси қўмондони, генерал майор Антон Грунис ҳалок бўлди. Бу маълумотни Россия армиясининг «Ахмат» бўлинмаси қўмондони Апти Алаудинов тасдиқлаган.

Алаудинов генерал ўлими тафсилотларини маълум қилмади: у Грунис «ўз бурчини бажариб, қаҳрамонлардек кетганини» таъкидлади.

Украина армиясининг дронлар бўлинмаси қўмондони Мадяр эса – рус генерали 12 сентябрга ўтар кечаси Донецк ҳудудида ўлдирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, генерал Украина дронлари зарба берган дислокация пунктида бўлган. Шунингдек, Мадяр Грунис бўлган объектга берилган дрон зарбаси видеосини ҳам жойлаштирди.

Генерал Антон Грунис июл ойида президент Путинга ҳисобот бериб, Константиновка гўёки тўлиқ эгаллангани айтганди. У бир ойдан сўнг Россия Қаҳрамони юлдузи билан тақдирланган. Шунга қарамай, Константиновка ҳали ҳам тўлиқ Россия назоратига ўтгани йўқ. Уруш таҳлилчилари шаҳар ҳудудида давом этаётган жангларни қайд этмоқда.

Украина томонига кўра, Грунис – дрон зарбалари натижасида ўлдирилган Россиянинг еттинчи юқори мартабали ҳарбийсидир.

Бир неча кун олдин рус пабликлари Донецкдаги қўмондонлик пунктига берилган зарба оқибатида россиялик генерал-лейтенант Сергей Милчаков ҳам ҳалок бўлганини ёзганди.

Европа-Канада ҳамкорлиги

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Европа Иттифоқининг Канада билан ҳамкорлиги янада кенгайишда давом этса, улар билан савдо-сотиқни тўхтатишга тайёрлигини билдирди.

«Мен буни бемаънилик деб ҳисоблайман», деди Америка етакчиси Шимолий Каролинадаги сайловолди тадбири чоғида. «Агар улар (европаликлар) шундай қилса ва мен буни ҳатто заррача дўстона бўлмаган ҳаракат деб билсам, жуда юқори божлар киритаман ёки Европа билан савдо-сотиқни тўхтатаман. Агар ниятлари яхши бўлса, ҳаммаси жойида», деди Трамп.

16 сентябр куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европарламентда Канада бош вазири Марк Карни билан чиқиш қилди. У Европа Иттифоқи Канада билан муносабатларини «мумкин бўлган энг юқори даражага» олиб чиқмоқчи эканини айтганди. Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, «Канада Европанинг биринчи ассоциацияланган аъзоси бўлиши»ни хоҳламоқда.

Фон дер Ляйен бундай шериклик мазмун-моҳиятига оид тафсилотларни келтирмади. Бироқ у технологиялар ҳамда мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни тилга олди. Шу билан бирга, Канада ва иттифоқнинг биргаликдаги фаолияти «бошқаларга қарши қаратилмаслиги»ни, ҳар икки томонни кучлироқ қилиш эканини таъкидлади.