Жанубий Кореянинг энг бой одами, Samsung концерни раиси Ли Гон Хи 25 октябрь куни 78 ёшида вафот этди. Компания ахборотига кўра, у Сеулда, оила аъзолари даврасида ҳаётдан кўз юмган.

Тадбиркорнинг вафоти сабаби маълум қилинмади; у 6 йил олдин инфарктни бошдан кечиргач, юраги операция қилинган ва шундан буён унинг саломатлиги ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот берилмаганди. Бу йиллар мобайнида Samsung'ни амалда унинг ўғли Ли Чжэ Ён бошқариб келди.

Ли Гон Хи қўл остида Samsung арзон телевизорлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий даражадаги оддий корхонадан дунё миқёсидаги технологик гигантга айланди. Forbes'нинг 2020 йилда жаҳоннинг энг қиммат брендлари рўйхатида Samsung 8-ўринни эгаллаб турибди. Жанубий Корея экспортининг қарийб бешдан бир қисми биргина шу конгломерат ҳиссасига тўғри келади.

Деярли барча машҳур шахслар билан бўлгани каби, Ли Гон Хининг фаолиятига нисбатан ҳам танқидлар етарлича, унинг иш услубини қораловчилар кўплаб топилади, бир неча бор жиноий ишлар фигурантига айланган, аммо буларнинг ҳеч бири унга нисбатан бериладиган ижобий таърифларни инкор қилолмайди: Ли Гон Хи – атоқли бизнесмен, моҳир бошқарувчи, келгусидаги ижобий ўзгаришлар учун оғриқли қарорларни-да қабул қила олувчи қатъият соҳиби эди.

«Хотин ва болаларингиздан ташқари ҳамма нарсани ўзгартиринг»

1988 йил, Сеул. Ли Гон Хи Samsung ташкил топганининг 50 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирда нутқ сўзламоқда.
Фото: Yonhap News / Legion Media

Тадбиркорнинг ишга ёндашуви ва фалсафасини унинг ўзи таъкидлаган юқоридаги иқтибосчалик аниқ очиб берадиган жумла топиш қийин. У 1993 йилда барча ўринбосарлари ва асосий ёрдамчилари билан ўтказган йиғилишда шундай иқтибос билан концерн фаолиятида туб бурилиш ясаш шартлигини талаб қилган эди.

Ли ўша йили Лос-Анжелесда бўлганида гувоҳ бўлган манзара катта таъсир қилган дейишади: у Samsung ишлаб чиқарган телевизорлар япон рақобатчиларникига қараганда 100 доллар арзонроқ бўлса-да, сотилмай чанг босиб ётгани, япон ишлаб чиқарувчиларининг маиший техникаларини анча қиммат бўлса-да мамнуният билан сотиб олишаётганини кўради.

Бундан ташқари, ўшанда телевидениеда эфирга узатилган кўрсатувда Samsung ишчилари кир ювиш машинасидаги пластик деталларнинг ортиқча қисмларини қўлда кесаётганига гувоҳ бўлади.