Кургандаги коронавирусга қарши курашга жалб этилган шифохоналар жамоалари томонидан имзоланган мурожаатнома нусхаси BBC нашрига ҳам келиб тушган: унга шаҳардаги №2-сонли шифохона, област клиник касалликлар шифохонаси, Тез тиббий ёрдам шифохоналари ва №2-сонли поликлиника шифокорлари мурожаатга имзо чекишган. Мурожаат нусхалари ҳукумат раҳбари Михаил Мишустинга ва Россиянинг бош санитар врачи Анна Поповага ҳам жўнатилган.

Мурожаат муаллифлари ҳудудий маъмурларни зарур чораларни кўрмасликда, муаммоларни яширишда ва статистикани сезиларли даражада пасайтириб кўрсатишда айблашган. «Биз сўраймизки, вазиятга маҳаллий амалдорларнинг сўзлари билан баҳо берилмасин, ҳудудга комиссия юборилсин, комиссия аъзолари пандемия даврида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ вазият жаҳаннамдан фарқ қилмаслигига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишсин», дейилади мурожаатда.

Уни имзолаган тиббиётчилар ҳудуддаги «соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ коллапс ҳолатига келгани»ни маълум қилишган. Шифокорлар бунинг белгилари сифатида шифохоналарда жой қолмагани, шунингдек, тиббий ходимлар етишмаётгани, тез ёрдам хизматига тушаётган юкламани келтириб ўтишган. «Беморлар тез ёрдам бригадаси келишини кунлаб кутишмоқда, поликлиникадан шифокор келиши эса бир ҳафта ёки ўн кунгача кечикмоқда», дейилади мактубда.

Ўз тажрибалари ва минтақадаги корхоналарда касаллик авж олиши бўйича кузатувларига асосланган ҳолда шифокорлар «барча корхоналарда касаллик назорат қилиб бўлмас даражага етгани» ҳақида ёзишган. Улар шифохоналар ва поликлиникалар ходимлари орасида, шунингдек, минтақа ҳукумати ва шаҳар маъмурияти, соғлиқни сақлаш департаменти ҳамда «Роспотребнадзор»нинг ҳудудий бошқармаси ходимлари орасида ҳам касаллик кенг тарқалганини қайд этиб ўтишган.

«Ҳатто Италиянинг Ломбардиясидаги энг оғир вазият Курган областидаги вазият олдида шунчаки эртак», дейилади мурожаатда.

Шифокорларнинг президентга мурожаати Ura.ru ресурсига жойлаштирилгач, Курган соғлиқни сақлаш департаменти оператив штабнинг ҳудудий телеграм-канали орқали «тиббий ходимларнинг 80 фоизи касаллангани ёки касалликни бошдан кечиргани» ҳақидаги маълумот рост эмаслигини билдирди.

Шу билан бирга, ҳудудий департамент «Курган областида тиббий ходимларга ва даволаш муассасаларига юклама ҳаддан ташқари юқори экани»ни тан олган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Курган области Россия регионлари орасида шифокорлар билан таъминланганлик даражаси бўйича сўнгги ўринда туради - 2018 йилда уларнинг сони ҳар 10 минг кишига 24,2 нафардан тўғри келарди, 2019 йилда эса кўрсаткич янада камайган - 23,8. Россияда 2018 йилда бу бўйича ўртача кўрсаткич ҳар 10 минг кишига 37,4 нафарни ташкил этган.