Самарқанд ва Андижон шаҳарларида жойлашган марказий стадионларга мос равишда «Afrosiyob Arena» ва «Bobur Arena» номлари берилади.
2 ой муддатда аҳоли орасида сўров ўтказилиб, ҳудудлардаги йирик спорт иншоотларига улар жойлашган ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек Ўзбекистон тарихи ва спортида ном қолдирган тарихий шахсларнинг номлари берилади.
Бу – президентнинг 31 октябр куни эълон қилинган соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга оид фармонида кўзда тутилган.
Фармон билан, 2021 йил 1 январга қадар ҳудудларда янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларни қуриш бўйича тасдиқланган амалдаги шаҳарсозлик нормаларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартишлар киритилади:
- аҳоли сони ва уй-жойларнинг жойлашувини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ташкилот ва идораларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт майдончаларини (шу жумладан Workout) ташкил этиш;
- маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар ва шаҳарларни боғловчи автомобил йўллари, пиёда ҳамда велосипед юриши учун мўлжалланган «Саломатлик йўлаклари»ни қуриш;
- автомобил ҳаракати юқори бўлган ва катта йўл кесишмаларида аҳолига қулай ўтиш жойларини барпо этиш.







