Samsung Galaxy S21 туркумидаги флагманларини қачон сотувга чиқариши маълум қилинди
Samsung компаниясининг кейинги флагмани 5 та камерага эга бўлади. Бу ҳақда машҳур инсайдер OnLeaks’га таяниб Sammobile нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, кейинги тақдимотларда кореялик гигантнинг энг юқори даражадаги флагмани Galaxy S21 Ultra бўлади. Модель битта олд камера ва AMOLED экран билан жиҳозланган ҳамда унинг корпуси темирдан ишланган рамка билан ўралган. Смартфоннинг орқасида корпусга бирлашиб кетувчи асосий камералар блоки жойлашади.
OnLeaks тарқатган хабарга кўра, моделда 5 та объектив ёки 4 та объектив ва қўшимча сенсор бўлади. Қўшимча сенсорнинг нега кераклиги ҳақида инсайдерларда ҳам маълумот йўқ. Инсайдерларнинг тахминига кўра, телефонда иккита алоҳида телеобъектив бўлади, улардан бири беш карра яқинлаштириш имконига эга бўлади.
Шунингдек, смартфоннинг ташқи кўриниши ва техник хусусиятлари борасида деярли якуний тўхтамга келинган. Расмий тақдим қилинадиган Galaxy S21 Ultra ушбу расмдаги кўринишидан бир озгина фарқ қилиши мумкин.
Samsung компанияси йил бошида бозорда рақобатнинг йўқлигидан фойдаланиб, янги сериядаги смартфонларини 2021 йилнинг январида тақдим қилиши ва февралдан сотувга чиқариши кутилмоқда.