Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, тарғибот тадбирларини маҳаллалар бўйича ўтказиш, аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ва Республика штаби иш бошлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини маҳаллаларда ташкил этиш бўйича Республика штабининг 7 йўналиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Уларга тарғибот гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, тарғибот материалларини тайёрлаш ва етказиш, олий таълим муассасалари томонидан маҳаллаларда тарғибот ишларини тизимли олиб бориш каби вазифалар юклатилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар гуруҳи ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, сиёсатчилар, олимлар, маданият арбоблари, санъаткорлар, психологлар ҳамда ёшлардан иборат Республика тарғибот гуруҳлари ташкил этилди. Соҳавий йўналишлар бўйича 14та ҳудудий тарғибот гуруҳи шакллантирилди.
– Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 194 нафар тарғиботчи олим учун махсус ўқувлар ташкил этилди, – деди “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Республика штаби раҳбари Содиқжон Турдиев. – Олимлар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўқувларда иштирок этади. Биринчи гуруҳ 2-4 ноябрь, иккинчи гуруҳ эса 5-7 ноябрь кунлари ўқувларда қатнашади. Шундан сўнг мазкур Республика тарғибот гуруҳи ҳудудлардаги 1872 нафар тарғиботчини тайёрлайди. Уларга тарғибот материаллари етказиб берилади.

Таъкидланишича, тарғиботчилар 9 минг 150 дан ортиқ маҳаллага кириб боради. Тарғибот гуруҳлари жойларга чиққан ҳолда аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказади. Аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Бунда ҳар бир туман, шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўша ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламига етказилиши таъминланади.














