00:16 / 19.01.2020
11
20225

«Нуроний» жамғармаси раиси оилавий ажримлар сабаби ва унинг ечимлари ҳақида гапирди 

18 январь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг мажлиси ўтказилди. 

Унда ҳозирги сиёсатнинг бир қанча таниқли вакиллари, шунингдек, партия тарихида ўз ўрнига эга бўлган кишилар ҳам иштирок этди.

Содиқжон Турдиев 2013 йил декабрида ЎзЛиДеП етакчилигига сайланган, 2015 йилда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари бўлганди. 

Икки кун аввал, 17 январь куни Содиқжон Турдиев янги вазифа, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси лавозимига тайинланди.

Kun.uz мухбири тадбирда иштирок этган Содиқжон Турдиев билан янги фаолияти ва жамият ҳаётида кескинлиги тобора ортиб бораётган оилавий ажримлар масаласи, жамғарманинг ва бу борадаги ўрни масаласида кичик интервю ташкил қилди.

Содиқжон Турдиев

«Бизнинг вазифамиз нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини таъминлаш»

Собиқ сиёсий раҳбар қандай мақсад ва режалар билан жамғарма раҳбарлигига тайинланди? Олдинда қандай режалар белгиланган? Содиқжон Турдиев саволга қуйидагича жавоб берди:

– Аввало, менга шундай масъулиятли лавозимни ишониб топширгани учун президент Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтаман.

 «Нуроний» жамғармаси бундан кейин ҳам янги сиёсатнинг халқ ичидаги тарғиботчиси бўлишда давом этади.

Жамғарма шунингдек, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини кўтаришга ҳам ҳаракат қилади.

«Қачонки ёшлар иш билан банд бўлар экан, оилада тотувлик, барака бўлади»

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам оилавий ажримлар масаласи кескин тус олиб бормоқда. 

Глобаллашув даври, ахборот, интернет, ижтимоий тармоқлар ривожи ва оммавий маданиятнинг шафқатсиз хуружи натижаси сифатида кўрилаётган бу ҳолатга қарши самарали кураш йўллари нималардан иборат? Жамғарманинг бугунги кундаги нуфузи бу муаммога қарши курашишга етадими?  

Содиқжон Турдиев сайт мухбирининг шу мазмундаги саволларига жавоб берди.

– Ҳақиқатан, ёшлар ўртасидаги оилавий ажримлар жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири. Албатта, биз ўз олдимизга ажрим хавфи бор оилаларга кириб боришга интилади. Лекин ажрим бир кунда бўладиган ҳолат эмас. Унга сабаб бир неча йиллар, ойлар давомида етилади. Бунга оилалардаги келишмовчилик, турли номутаносибликлар сабаб бўлади.

Мақсадимиз ҳар бир нуроний мана шу хавф билан яшаётган оилага кирсин, ажримларнинг олдини олишга шу жамиятнинг, маҳалланинг нуронийси сифатида ҳиссасини қўшсин.

Олдимиздаги режалар қаторида жойларда оилага тайёрлаш мактаблари ташкил қилиш вазифаси турибди. Бу мактаблар орқали оила ёшидаги қизларга озгина бўлса-да тажриба бериш, оила ҳақида тушунча бериш. Бу мактабларда керак бўлса, қайноналар ҳам ўқисин. Чунки оилавий ажримлар аксарият ҳолатда қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлардан келиб чиқаётгани ҳам рост гап.

Бундан ташқари, жамиятнинг нуронийси фидойи, жонкуяр бўлиши керак.

Шунингдек, жамиятда ёшларни ишсиз қўймаслик керак. Қачонки ёшлар иш билан банд бўлар экан, оилада тотувлик, барака бўлади. Иш билан банд кишида зиёнли ишларга вақт бўлмайди.

«Таклиф қилардимки, жойларда никоҳ ўқийдиган имомлар фақат илмли, рухсат этилган имомлар бўлсин»

Оилавий ажримларга жойлардаги айрим имомлар томонидан ўқилаётган такрорий никоҳлар ҳам сабаб бўлмоқда. Бу сабабга жамғарма раиси қуйидаги изоҳ берди:

– Баъзи жойлардаги оилавий ажримларга такрорий никоҳлар ҳам сабаб бўлмоқда. Мен аввало имом домлаларимиздан узр сўрайман, улар ҳаммасини яхши тушунишади. Лекин жойларда шундай имомлар ҳам борки, ўзининг билими чала бўла туриб, иккинчи никоҳни сўраб-сўрамай ўқиб қўйишади. Бу ҳолатдан қанча ёш фарзандлар азият чекяпти. Куёвтўра эса, бошқаси билан яшаб кетяпти.

Таклиф қилардимки, жойларда никоҳ ўқийдиган имомлар фақат илмли, рухсат этилган имомлар бўлсин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top