Бироқ маҳалла фаоли Маъмур Чориевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, дастур ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилмагани, маблағлар ўз вақтида ажратилмагани сабабли дастурда белгиланган ишлар ўлда-жўлда ташлаб қўйилган.

«Маҳалламизга ичимлик суви тортиб келинди. Бунинг учун катта раҳмат. Бироқ ҳалигача кўчамиз асфальт қилинмаган, йўлларимиз қувур тортилганда кавланиб, бетартиб кўмилгани сабабли ўнқир-чўнқир бўлиб ётибди.
Бунинг устига, дастур асосида кўчадаги симёғочларни янгиланиши керак эди, аммо ҳалигача бу иш амалга оширилмади. Масъулларга қайта-қайта мурожаатларимиздан сўнг симёғоч учун 15 та устунни олиб келиб ташлаб кетишди. Аммо уларни ўрнатадиган мард топилмаяпти», дейди у.

Мақсуда Эгамбердиеванинг айтишича, Маданият маҳалласининг юқори қисмида ҳарбийлар учун қурилган кўп қаватли уйларнинг канализация қувурлари ҳам улар яшайдиган кўчадан ўтиши белгиланган. Бироқ бу қурилиш-монтаж ишлари учун ўз вақтида пул ажратилмаётгани боис Ҳақиқат кўчасини асфальтлаш кечикиб кетган. Аҳоли бу кўчадан ёзда тупроқ, қишда лой кечиб юришга мажбур бўлмоқда.
«Маҳалламиз «Обод маҳалла» дастурига тушганда жуда хурсанд бўлгандик. Бироқ қувончимиз узоққа чўзилмади. Ишлар бунчалик бетартиб бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик. Ҳали маҳаллага ичимлик суви тортилмай туриб йўлсозлар кўчамизни асфальт қилишга тушишди. Эртага сув тортиладиган бўлса, янги асфальт яна бузилиб кетмасин, икки марта харажат бўлмасин деб Чирчиқ шаҳрининг собиқ ҳокими Рашидовга мурожаат қилиб асфальтлаш жараёнини тўхтаттирдик. Ҳоким ўринбосари Ашуров ёрдамида маҳалламизга ичимлик суви келтирилди.
Шундан сўнг кўчамиздаги симёғочлар янгиланиши, чироқлар ўрнатилиши керак эди, аммо симёғочлар ўз вақтида ажратилмагани боис бу ишлар қолиб кетди. Бундан ташқари, йўлсозлар энди асфальтлашни бошлашаётганда ҳарбийларнинг уйларига тортилган канализация қувурлари бизнинг кўчамиздан ўтиб, марказий канализация тизимига уланадиган бўлиб қолди. Аммо бу иш ҳам чала ташлаб қўйилгани боис кўчамиз таъмирланмаяпти, натижада ёзда чанг ютиб, қишда лой кечиб яшаяпмиз», дейди Мақсуда Эгамбердиева.

«Мактаб ўқитувчисиман. Ҳар куни шу йўлдан ишга бориб, жамоа олдида уяламан, сабаби қишда оёқ кийимим лойга, балчиққа ботиб ишга бораман. Машина йўлнинг охиригача боролмайди. Тупроқ, лой йўлдан юришга мажбурмиз. Ёзда кўчадан кўтарилган чанг уйга кириб қолади, ҳар куни икки-уч марта тозаласангиз ҳам тозаланмагандай бўлиб тураверади», дейди Юлдуз Камолова.



















